Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш вазирлигидан Хушхабар!

0
331
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида талабалигидан бери хизмат қилиб келаётган инсон, ёш ходимларга онадай меҳрибон, ишхонада тартиб-интизомни таъминлайдиган кадрлар бўлими бошлиғи Дилбар Турсунова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муҳтарама Улуғова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросими Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш вазирлигида бўлиб ўтди. 

Ушбу нишон бу йилдан бошлаб 50 ёшдан юқори бўлган, оналик, мўътабарлик мақомига муносиб кўрилган ва ўз оиласидаги маърифий муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлишни ҳаёт тарзига айлантирган аёлларга берилди.

Мамлакатимиз  бўйича  бу йил  287 нафар аёллар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Улар орасида ҳудудларда яшаб ибратли фаолият кўрсатаётган, қаҳрамонлик намуналарини намоён этаётган опа-сингилларимиз, мунис онахонларимиз бор. Масалан, Ҳаж зиёрати учун атаб йиллар бўйи йиққан маблағини  уйи бузилган кишиларга бергани ижтимоий тармоқларда олқишланган Фарғона вилоятининг Риштон шаҳрида яшайдиган Изроба Усмонова ҳам «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Кўкрак нишонига муносиб кўрилганлар орасида идора ва ташкилотларда фидокорлик кўрсатаётган ишчи (фаррош), ободонлаштириш соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган аёлларимизни ҳам учратасиз. Масалан, Самарқанднинг Нуробод туман қишлоқ хўжалик бўлими фарроши Каромат Тошниёзова, Яккасарой туман Ободонлаштириш бошқармаси ходими Муаззамхон Собировалар ҳам мукофотландилар.

Тақдирланганлар орасида журналист, адиба, 60 йилдан ортиқ турмуш ўртоғи профессор Тилаб Махмудов билан бирга яшаган, ибратли оила соҳибаси Дилбар Махмудова ҳам бор.

Бу йил ибратли ҳаёти, гўзал  турмуш тарзи билан яшаб ўтган аёллар ҳам ушбу кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Улар орасида “Изҳор”, “Аёл жодуси”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл”, “Шом шафағи жилвалари” каби қатор китоблар муаллифи сурхондарёлик адиба Жамила Эргашева ҳам бор. Умрининг охирига қадар вилоят хотин-қизлар ташкилоти муассислигидаги “Аёл ва замон” газетасига раҳбарлик қилган ижодкор 62 ёшида вафот этган эди. Охирати обод бўлсин.Нишонни ёзувчининг синглиси қабул қилиб олди.

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида берилган кўкрак нишони аёлларимизга муносиб армуғон бўлди, қалблари қувончга тўлди, шукроналик туйғусини туйишди.

Эл-юрт хизмати йўлида муносиб хизмат қилган барча аёлларимизни gujum. uz сайти таҳририяти номидан муборакбод этамиз! Юртга тинчлик, хонадонларига қут-барака тилаймиз!

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.