Маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштирилади

0
187
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 май куни товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Биржа бу – бозор иқтисодиётининг алифбоси. Ундаги савдолар эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорлар учун янги бозорларни очади, “яширин иқтисодиёт” ва коррупцияни кескин камайтиради.

Шу борадаги ислоҳотлар натижасида сўнгги уч йилда юртимизда биржа савдо айланмаси 2 бараварга ўсиб, 90 триллион сўмга етган, сотиладиган товарлар сони эса 3 бараварга кўпайган.

Бундан ташқари, хорижий давлатларда Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг 20 та савдо майдончаси ташкил этилиб, жорий йилнинг 4 ойида улар орқали 170 миллион долларлик маҳсулот сотилган. Шунингдек, 1 минг 200 дан ортиқ хорижий компаниялар юртимиз биржасига катта ҳажмда маҳсулот қўйишни бошлади.

Илгари савдоларда “ўртакаш”лар кўп бўлгани сир эмас. Ўтган йили эса йирик корхоналар биржадаги очиқ-ошкора савдолар ҳисобига 8 триллион сўм қўшимча даромад қилган.

Шу билан бирга, биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ҳали ҳам айрим камчиликлар бор.

Мисол учун, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли товарлар ташкил этмоқда. Тўқимачилик, ипак, чарм ва кабель маҳсулотлари, ҳудудлардан Сирдарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг биржа савдоларидаги иштироки паст бўлиб турибди.

Шу боис давлатимиз раҳбари маҳаллий маҳсулотларни биржага қўйишда туманларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Мисол учун, 1 июлдан 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиш йўлга қўйилади. Йиғилишда бу жараённи ташкил этиш, фермер ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиб, уларга қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Жумладан, фермерлар буғдойни биржага қўйганда, улардан гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.

– Бу туманларнинг биржадаги иштирокини кенгайтириш учун яхши имконият, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналаридан бор-йўғи 3 минг 600 таси биржага ўз маҳсулотини чиқармоқда. Албатта, бу жуда кам.

Шу боис, маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштириладиган бўлди.

Жумладан, 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда, бир вақтнинг ўзида, биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади.

Яна бир қулайлиги – маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади. Солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотган ёки харид қилган товарлари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилмайди.

Бундай имкониятлардан фойдаланиб, биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Хусусан, кимё, нефть-газ, металлургия, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатидаги улкан захиралар кўрсатиб ўтилди. 

Биржада экспорт-импорт маҳсулотлари савдоси ҳажмини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги тартиб-таомилларни ҳам енгиллаштириш чоралари белгиланди.

Йиғилишда биржа савдоларида қатнашиш истагидаги тадбиркорларга кўмаклашиш, бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари биржа савдоларини кенгайтириш режалари бўйича ахборот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.