Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни автомобил саноатида 2025 йил учун устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бу масала ўтган ойда муҳокама қилинган, мутасаддиларга режаларни танқидий кўриб чиқиш топширилган эди. Бу галги тақдимотда Президент кўрсатмалари асосида такомиллаштирилган чора-тадбирлар баён қилинди.
Аввало, ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатига эътибор қаратилади. Ҳозир йилига 400 мингдан зиёд автомобиль сотилаяпти. Аҳоли жон бошига даромад ошаётгани боис бу тенденция кейинги йилларда ҳам сақланиб қолади. Бундан фойдаланиб, талабга яраша маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Қолаверса, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. У ҳолда, бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат янада кучаяди. Шунинг учун сифат устида ишлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, 2025 йилда “BYD” автомобилларининг 60 та деталини маҳаллийлаштириш ҳисобига электромобил таннархини пасайтириш мумкин. Ушбу компания раҳбарияти ҳам юртимиздаги тармоқ корхоналари салоҳиятини юқори баҳолаган. Шу боис Маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш маркази имкониятларини ишга солиб, ҳудудий корхоналар билан кооперация ҳажмини 2 карра ошириш вазифаси қўйилди.
Яна бир муҳим масала – экспорт. Сўнгги йилларда қўшни давлатларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани натижасида 40 мингдан ортиқ автокомплект сотилган. Келгуси йил экспортни 700 миллион доллардан ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, Самарқанддаги автобус ва юк транспорти корхоналарини ҳам ташқи бозорларга олиб чиқиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари тармоқнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида тўхталди. Замон талабларига мослашиб, ишлаб чиқаришни барқарор қилиш, маркетинг ва сифат бўйича ҳар куни изланиш зарурлиги таъкидланди.