Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
2023 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Жумладан, саноат 6, хизмат кўрсатиш 6,8, қурилиш 6,4, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган.
Бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Йиғилишда шу борадаги вазифалар, зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бунинг учун, аввало, энг катта ислоҳотчи бўлган иқтисодий комплекс ходимлари жуда қаттиқ ишлаши кераклигини таъкидлади.
Масалан, умумий саноат ҳажми ўсгани билан, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 40 фоиздан ошмаяпти. Булар асосан импортга қарамлик, энергия истеъмоли юқорилиги ва ортиқча харажатлар кўплиги сабабли бўлмоқда.
Шу боис иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун “2024 йил – таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили” бўлиши лозимлиги таъкидланди. Харидлар ва логистикани мақбуллаштириш, энергия ресурсларини тежаш ва рақамлаштириш орқали қанча харажатни камайтириш мумкинлиги тармоқлар кесимида кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда йирик тармоқларда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, жами саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, иқтисодий комплексдаги раҳбарлар фаолиятини ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) билан боғлаш, ўринбосарлар сонини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилишда молиявий интизом масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўтган йили айрим давлат корхоналари томонидан дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушум таъминланмаган. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарёда бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмаган.
Бундай ҳолатлар ҳудудий солиқ бўлими бошлиқлари ва ўринбосарлари, маҳалладаги солиқчиларнинг иши сустлигини кўрсатади. Шу боис бу тизим қайта кўриб чиқилиб, янги йўналишлар белгиланди.
Биринчи йўналиш – 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси туманлардан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Туманлараро бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.
Иккинчи йўналиш – Қўмитада солиқ қарзини ундириш бўйича ҳам туманлараро инспекция ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини маҳаллабай ишлашга ўтказиш имкони бўлади.
Учинчи йўналиш – республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади. Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига солиқлар тушумини ўз вақтида таъминлаш, корхоналар харажати асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича вазифалар қўйилди.
Божхона соҳасига тўхталинар экан, ўтган йили импорт бўлган товарларга салкам 60 триллион сўмлик имтиёз қўллангани, лекин уларнинг самарадорлиги бўйича етарли таҳлил йўқлиги қайд этилди. Шу боис имтиёз билан кирган товарларни бирма-бир ўрганиб чиқишга кўрсатма берилди.
Бюджет тушуми учун яна катта захиралар бу – хусусийлаштириш ва ерларни аукцион орқали сотишдир. Лекин хусусийлаштириш дастурига киритилган 484 та давлат активи савдога чиқарилмай турибди.
Масалан, савдога қўйилган ўнлаб дон корхоналари сотилмасдан турибди. Негаки уларнинг баҳосини белгилашда камчиликлар бор.
Вазирлар Маҳкамасига бу борадаги қолоқликларни бартараф этиб, жорий йилда 20 триллион сўм тушумни таъминлайдиган янги хусусийлаштириш дастурини тайёрлаш топширилди.
Ўтган йили ерларни аукцион орқали сотишдан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳа қўшилган. Бундай имкониятларни кенгайтириш мақсадида йил якунига қадар 70 та, келгуси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Бугунги кундаги энг долзарб масала бу – яширин иқтисодиёт. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаги, хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида катта миқдордаги айланма “соя”да қолмоқда.
Давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиёт адолатли рақобатга, ҳалол тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётганини айтиб, қўшимча чораларни кўрсатиб ўтди.
Ҳозирда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та идора тарқоқ ҳолда шуғулланмоқда. Бу ишларни мувофиқлаштириш ва кучайтириш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ваколатлари кенгайтирилади. Бу департамент энг замонавий воситалар ва етук мутахассислар билан таъминланиб, унинг ҳузурида илмий-таҳлилий ва ўқув маркази очилади. Шу билан бирга, Бош прокуратурада ҳам яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинади.
Йиғилишда бюджет харажатларининг самарадорлиги масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўтган йили бюджетдан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 миллиард сўмлик камомад ва ўғриликларга йўл қўйилгани аниқланган. Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги дастурларга ажратилган маблағлар тўлиқ ишлатилмаган. Шунингдек, аслида ишламайдиган ходим ёки бажарилмаган иш учун ҳақ ёзиш, асоссиз ссуда ёки мукофот пуллари олиш каби ҳолатлар кўпайган.
Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси фаолияти қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис мазкур инспекция Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилиши белгиланди.
Бу йил бюджетда кўзда тутилган 313 триллион сўмлик харажатни тўғри сарфланишини назорат қилиш вазифаси қўйилди.
Инфляцияни камайтириш масаласи ҳам долзарб. Кўрилган чоралар натижасида ўтган йили инфляция 9 фоиздан ошмади.
Маҳсулотлар инфляциясини озиқ-овқатни кўпайтириш орқали жиловлаш мумкинлиги таъкидланиб, бу бўйича қишлоқ хўжалиги вазири ва ҳокимларга кўрсатмалар берилди.
Умуман, жорий йилда ҳам инфляцияни 9 фоиздан тушириш чоралари муҳокама қилинди.
Банк тизими барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётга кредитлар йўналтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бозор механизмлари асосида кредит ставкаларини камида 2-3 фоизга тушириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бўйича яқинда қабул қилинган дастурни самарали амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари ҳамда ташқи меҳнат миграциясидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бу каби камчиликларни бартараф этиб, аҳолини касбга ўқитиш ва иш ўринлари яратиш юзасидан қўшимча топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида иқтисодий комплекс раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар жорий йилги режалари бўйича ахборот берди.