Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бу муассаса 1976 йилда қурилган бўлиб, 1 минг 178 ўринга мўлжалланган. Лекин бугунги кунда ўқувчилар сони бунга нисбатан кўп. Бино ва жиҳозлар ҳам эскирган.
Давлатимиз раҳбари синфхоналар, спорт зали ва ошхонани кўздан кечирди. Мактаб учун янги бино қуриш, ёшларга ҳунар ўргатиш, амалиёт дарсларини корхоналарда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
— Ҳамма жойда замонавий корхоналар очилаяпти, инвестиция лойиҳалари амалга оширилаяпти. Уларни юритадиган салоҳиятли кадрлар керак бизга. Шунинг учун ҳам муаллим ва мактабларга, таълим сифатини яхшилашга алоҳида эътибор бераяпмиз. Салоҳиятли кадрлар рақобатни пайдо қилади. Қаердаки рақобат бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
Мулоқотда тиббиёт ва мактаб таълимини ривожлантиришга қаратилаётган устувор эътибор, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг мазмун-моҳияти, улар вақт ўтгач, пастдаги муаммоларни ўз бошидан ўтказган, салоҳиятли кадрга айланиши, шу орқали катта кадрлар захираси шакллантирилиши ҳақида сўз борди.