Мактабдаги  “Кичик академия” – тўгараклар ишининг султони

0
230
марта кўрилган.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим (ДИУ) мактабида “Тўгаракда шакллансин истеъдодлар, етишсин ижодкорлар!” шиори остида Очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбирга Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров, сектор раҳбарлари, халқ қабулхонаси ходимлари, Мудофаа вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзолари ва бошқа ташкилот-муассасалар вакиллари ташриф буюрдилар. Улар жамоатчилик асосида ташкил этилган “Саҳна юлдузлари”, “Ёш журналист”, “Ёш дастурчи”, “Ал-Хоразмий издошлари”,  “Дизайнер”, “Қўғирчоқ театри”, “Моҳир уста”, “Сеҳрли қўллар”, “Нафосат”, “Ёш иқтисодчи”, “Зулфияхоним қизлари” тўгараклари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Табиийки, бундай тўгаракларни очиш ва турли тадбирлар уюштириш замирида эзгу мақсадлар мужассамлашган. Аввало, ўқувчиларнинг назарий билимларини ошириш ва амалий кўникмалар ҳосил қилиб, барчасини ижодий изланишларга ундаш, иккинчидан, ёшлар қалбида касб-ҳунарга ҳавас уйғотиш, уларни мустақил фикрлай оладиган, ижодкор ва ихтирочи қилиб тарбиялаш кўзда тутилган. Ҳар хил тўгаракларда олиб бориладиган машғулотлар эса ўғил-қизларимизнинг миллий анъаналаримизга, умрбоқий қадриятларимизга, халқ ҳунармандчилигига қизиқишларини янада оширишда ва уларда қўл меҳнати билан шуғулланиш малакасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қолаверса, ХХI аср том маънода технологиялар асрига айланди, бугунга келиб ахборот-коммуникация воситалари барча соҳаларни кенг қамраб олди. Шунга мутаносиб равишда ўғил-қизларимизнинг дунёқараши ва фикрлаш доираси ҳам анча кенгайди. Ёшларимизнинг аксарияти ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ва жамият ҳаётидаги ўзгаришларга ниҳоятда қизиқувчан ва зийрак бўлиб, бир хиллиликни ёқтирмайди. Бинобарин, уларга фақатгина дарсликлар асосида сабоқ бериш етарли бўлмайди, аксинча, ҳар бирининг ўзига хос лаёқати ва иқтидорини илғаб олиш, интеллектуал салоҳиятини аниқ мақсадлар сари тўғри йўналтира билиш лозим.

Гап шу ҳақда кетганда, мактабимизда 2005 йили очилган “Кичик академия” самарали фаолият юритиб келаётганини мамнуният ила эслатиб ўтиш жоиз. У аслида ихтиёрий-ижодий уюшма мақомида бўлиб, зиммасига ўқувчилар салоҳиятини имкон қадар эртароқ аниқлаш, уларнинг илмий ёки ижодий ишлар билан шуғулланиб, бу борадаги маҳоратларини намоён этишлари, зарур адабиётлардан оқилона фойдаланишни ўрганишлари, касб танлашлари ва орзу-ниятларига эришишлари учун кўмаклашишдек масъулиятли вазифалар юклатилган. Шунга кўра, “Кичик академия”нинг бўлғуси аъзолари ҳар янги ўқув йили бошида алоҳида тест синовлари асосида саралаб олинадилар. Сўнгра сабоқлардан бўш вақтларида бадиий ижод, илмий тадқиқот, спорт ва маданият йўналишларидан бири бўйича изланиш олиб борадилар. Уюшма раҳбари Малика Абдуллаева ана шуларни назарда тутиб, педагогларни ўз устиларида узлуксиз ишлашга чорлайди, иқтидорли ўқувчиларга фикрлаш, мушоҳада юритиш ва ихтиро-кашфиётларга дадил қўл уришга ундовчи билимлар бериш зарурлигини уқтиради.

Меҳмонлар тадбирда “Кичик академия”да амалга оширилган ишларни ҳамда у эришган ва эришаётган ютуқларни юқори баҳоладилар. Пировардида мактаб педагогик жамоасининг келгуси фаолиятига, жумладан, мавжуд тўгараклар ишини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар тиладилар.

Биз мактаб ўқитувчилари “Кичик академия”нинг аъзоларини севиб парваришлаган сари чирой очадиган, кўнгилларни яйратадиган баҳорий гулларга қиёслаймиз.  Биз уларни келажакда Ватанимиз таяннчи, суянчи бўлиши учун  саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтираверамиз.

Гўзал АЛИЕВА, Сергели туманидаги 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим  мактаби ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.