Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, 2019-2020 ўқув йилида мамлакатимизда мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайди.
Жорий йилда 937 та мактабда инвестиция ва бошқа давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бунинг учун 2,86 трлн сўм маблағ сарфланди. Бу кўрсаткич ўтган йилга (1,47 трлн сўм) нисбатан қарийиб икки бараварга кўп демакдир.
Фаолиятини тугатаётган 383 та касб-ҳунар коллежларининг биноси (шундан 154 таси янги мактаб, 229 таси қўшимча бино) мактабларга берилиши натижасида қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилди.
Инвестиция дастури доирасида 53 та умумий ўрта таълим мактаблари янги қурилиш ва 210 тасини реконструкция қилиш ҳисобига жами 646 та мактабларда белгиланган меъёрларга нисбатан сиғими 1,5 коэффициентгача тушишига эришилди.
2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп эканлигидан далолат беради. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўяди.
2019-2020 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-, 3-, 8-, 9-синфлари учун жами 479 номда 36,5 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслик ва ўқув-методик адабиётларнинг мазмунига халқаро баҳолаш дастури PISA, TIMSS талаблари сингдирилди.