Мамлакат истиқболининг  янги даврида – ўзбек тилининг янги парвози

0
168
марта кўрилган.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисининг кун тартибидан ўрин олган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Муҳокама чоғида билдирилган фикрларда давлат тилига ҳурматни қонун билан мустаҳкамлаш зарурати сенаторлар томонидан рад этиб бўлмайдиган даражада асослаб берилди.

Давлат тили энг аввало Президентимизнинг маънавий-маърифий йўналишдаги давлат сиёсатининг устувор масаласи эканлиги алоҳида қайд этилди. Ялпи мажлисда мамлакат истиқболининг  янги даврида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга доир тизимли чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

 Ана шу чора-тадбирлар нафақат давлат органлари ёки ваколатли ташкилотлар, балки барча даражадаги жамоат тузилмаларидан тортиб,  ҳар бир фуқарога  масъулият ва жавобгарлик юклаб, хусусан, давлат тилига ҳурматсизлик қилиш, уни камситиш ва бузиб талқин этишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди. Хусусан ялпи мажлисда Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг давлат тилининг нуфузини кўтариш учун давлат тилига бўлган ҳурмат даражасини юксак мақомларга кўтариш зарурлиги, давлат тилини менсимаслик, уни камситиш ва бузиб талқин этишга йўл қўймасликни қатъий таъкидлагани мени жуда қувонтирди.

Янги қонун ўзида давлат тили мавқеини юксалтиришнинг барча жиҳатларини қамраб олган.  Мамлакатимиз  кўп миллатли халқ. Қонунда,  шу жиҳатни ҳам унутмаган ҳолда,   давлат тилининг ҳимояси, ривожи учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканлигимиз алоҳида  белгилаб қўйилган.

Биз халқимиз  билан узоқ йиллар ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб келаётган барча миллат ва элатларнинг тилларини ҳамиша ҳурмат қилганмиз ва уларнинг барча ҳақ-ҳуқуқлари учун Ўзбекистонда зарур шароитлар яратиб келинган ва мазкур янги қонунда ҳам бу анъана бундан кейин ҳам сақланиб қолиши назарда тутилган.

Бугун фан ва техника ривожланиб, инсон ақл идроки янги-янги уфқлар сари парвоз қиларкан, биз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ғоясини амалга оширишда она тилимизга яна-да эътиборли бўлишимиз сув ва ҳаводек зарур эканлиги  ўз ўзидан аён бўлиб қолмоқда! 

Бугун давлат тилига тўлақонли ёндашув мавриди келди. Мамлакатда она тилимиз билан боғлиқ   мавжуд ҳолатлар  ўзгармоқда ва ўзгариши ҳам шарт ва муҳим. Бундан ҳам олдин эса ўзимиз,  миллатнинг ҳар бир вакили ўзини, қалбини, дунёқарашини ўзгартириши, янгилаши керак.   

Ҳар бир ўзбекман, деган инсон миллий вакцина билан туғма эмланган бўлиши жуда ҳам муҳим. Сенат Раиси айтганидек, ушбу жараёнда  нафақат давлат тили масъуллари, ҳар бир миллат вакили  бирдек  асосий ўрин тутади. 

Ҳа, қонун қабул қилинди. У миллий тилимизнинг мавқеи янада юксалиши,  шу борадаги  саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. 

Акмал РЎЗИТОЕВ, Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини  ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.