3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мудофаа вазирининг қўшинлар жанговар шайлиги ва қобилиятини ошириш, қисм ва бўлинмаларни ҳар томонлама тайёрлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Мудофаа саноати агентлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Мамлакат раҳбарияти томонидан армиянинг жанговар салоҳиятини ва шахсий таркибнинг маънавий-руҳий ҳолатини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани модернизация қилиш, шунингдек, мудофаа саноати корхоналарини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Жанговар ва тезкор тайёргарлик тадбирларини жадаллаштириш, ҳарбий корхоналарнинг офицер кадрлари ва муҳандис-техник таркибини профессионал ўқитиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларни янада ривожлантириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.