Мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига

0
82
марта кўрилган.

Муҳтарам дўстлар! 

Ҳурматли қурувчилар! 

Сиз, азизларни – мамлакатимизнинг қурилиш соҳасини равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги касб байрамингиз – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 

Мана шу қутлуғ айёмда сизларга ўз номимдан, халқимиз номидан эзгу тилаклар ва чуқур миннатдорлик билдираман. 

Биз сизларнинг тимсолингизда ўз меҳнати билан шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, муҳташам уй-жойлар, йўл ва кўприклар барпо этиб, ҳаётимизни янада обод, гўзал ва тароватли этиш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган олижаноб касб эгаларини кўрамиз. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда, бутун мамлакатимиз каби, қурилиш соҳаси ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилмоқда. 

Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ижтимоий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришлар, жумладан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида белгилаб олган вазифаларимиз соҳа ривожини мутлақо янгича тарзда, замонавий илм-фан ва инновация ютуқлари асосида ташкил этишни талаб этмоқда. 

Бунёдкорлик йўналишидаги ишларимизнинг миқёси ва кўламини биргина “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида мамлакатимиздаги 159 та туманда 416 та қишлоқни ободонлаштириш бўйича ишлаб чиқилган бош режалар асосида қисқа муддатда 320 та мактаб, 231 та мактабгача таълим, 148 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 77 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, кўплаб кўча ва майдонлар, жамоат масканларида катта қурилиш ишлари олиб борилаётганида кўриш мумкин. 

Бу борада давлат – хусусий шериклик муносабатлари, қурилиш ташкилотлари ва аҳоли ҳамкорлиги каби янгича фаолият шакллари самарали қўлланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

“Обод маҳалла” дастури бўйича 2018 йилда мамлакатимизнинг 148 та маҳалласида таъмирлаш, ичимлик суви, электр, табиий газ тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, ўзининг дастлабки натижаларини бераётгани барчамизни албатта қувонтиради. 

Бутун юртимизни қамраб олган ана шундай салмоқли ишларда, шунингдек, бу йил намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган 3,5 миллион квадрат метрдан иборат 28 435 та арзон уй-жойларни барпо этишда биз, аввало, сизларнинг профессионал малакангиз, билим ва тажрибангиз, юксак маҳоратингизга таянамиз. 

Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга бевосита хизмат қиладиган бундай эзгу ишлар ҳақида гапирганда, аҳоли пунктларини қуришда комплекс ёндашув асосида уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ҳудудларда ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, янги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари бунёд этилаётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. 

2018 йилги Инвестиция дастури бўйича 1 114 та ижтимоий соҳа объектларида кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда “саҳродаги мўъжиза” деб эътироф этилаётган Қандим газни қайта ишлаш комплекси, юртимиздаги янги-янги эркин иқтисодий зоналар, саноат ҳудудларидаги йирик объектлар қурилиши, турли коммуникация тармоқлари – буларнинг барчаси сизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингиз натижаси эканини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди. 

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати жадал ривожланиб бораётгани ҳам соҳа тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. Биргина уй-жой бинокорлигида фойдаланилаётган сифатли қурилиш материалларининг 95 фоизи маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётгани буни яққол тасдиқлайди. Энг муҳими, бундай ўзгаришлар қад кўтараётган иморатларнинг мустаҳкамлигини ва нархи нисбатан арзонлигини таъминлашга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. 

Айни пайтда замон, ислоҳотларимизнинг ўзи барча жабҳалар қатори ушбу соҳада ҳам янги, янада долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда. 

Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқларни туман марказлари билан боғлайдиган замонавий йўллар қуриш, намунавий лойиҳалар асосида янги боғчалар, мактаблар, оилавий поликлиникалар барпо этиш, бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини кўпайтириш, аҳоли ва пудрат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларини қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш тизимини йўлга қўйиш, қурилиш бозорини янги инновацион хизматлар билан тўлдириб бориш, соҳа учун юқори малакали қадрлар тайёрлаш каби масалалар биз учун ғоят долзарбдир. 

Ишонаман, қўли гул, азму шижоатли Ўзбекистон қурувчилари бор билим ва тажрибаси, куч ва имкониятларини сафарбар этиб, бундай улуғвор вазифаларни албатта шараф билан адо этадилар. 

Азиз ва муҳтарам қурилиш соҳаси ходимлари! 

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва хонадонларингизга файзу барака тилайман. 

Юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизда доимо ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлсин! 

 

                                                                                                    Шавкат Мирзиёев,

                                                                      Ўзбекистон Республикаси Президенти
 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.