Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов қишки спорт турининг акробатика йўналиши бўйича Лиллехаммер-1994 Олимпиадаси чемпиони Лина Черязовага мураббийлик қилган мутахассис Дмитрий Кавунов билан учрашди.
Суҳбатнинг бош мавзуси юртимизда қишки спорт турлари, хусусан, фристайл йўналишларини (спортнинг эркин турлари)қайта ривожлантириш масаласи бўлди. Унда Россия фристайл федерацияси вице-президенти Михаил Бородянский ҳамда Халқаро чанғи спорти турлари федерациясининг эксперти Андреа Риналди ҳам иштирок этди.
Д.Кавунов фаолияти давомида Россия ва Канада терма жамоаларида ҳам мураббийлик қилди. Бугунги суҳбат давомида мутахассиснинг тажрибасидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда спортнинг фристайл турларини (эркин ҳаракатли спорт) ривожлантириш бўйича дастлабки режалар муҳокама қилинди. Дмитрий Кавунов аввало, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларнинг шуғулланишлари учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
МОҚ раиси ўринбосари давлатимизда қишки спорт турлари ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги режалар, “Ҳумо арена” ва “Алпомиш” муз саройларини қуриш орқали даставвал оммавий спорт тарғиботи кучайтирилаётгани ҳақида гапириб берди. Суҳбат давомида фристайлнинг нафақат акробатика, балки могул йўналишини (тоғли жойларда қиёликлардан, тепаликлардан эпчиллик билан ўта олиш) ривожлантириш, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳам ўаро фикр алмашилди.
gujum.uz