Марк Рисс — АҚШнинг Вашингтон университетида “Марказий Осиёдаги туркий тиллар, хусусан ўзбек тили, жадидчилик ва Ислом фиқҳи” бўйича таълим олган.
У 23 йиллик иш фаолиятини Марказий Осиёда “Тинчлик корпуси” кўнгиллиси сифатида бошлади. 1994 — 1997 йилларда Ўзбекистонда ишлади. Термиз, Самарқанд, Қўқон шаҳарларида инглиз тилидан болаларга дарс берди ва ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларида иштирок этди. Атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилди. Айни пайтда Теннеси штати Нэшвиль шаҳрида тошкентлик рафиқаси ва ўғли билан яшайди.
“Халқ сўзи” газетаси махсус мухбири АҚШда ижодий сафари давомида Марк Рисс билан учрашиб, суҳбатлашди. Мулоқот эса ўзбек тилида бўлиб ўтди.
— Мамлакатингизда бир неча йил давомида ҳақиқий ўзбеклардек яшаганман, — дея гап бошлади мезбон. — Халқингизнинг меҳмондўстлиги, бой маданияти, ҳеч қайси мамлакатларда учрамайдиган, фақатгина ўзбекларга хос бўлган ноёб урф-одатлар мени ўзига ром этган.
— Ўзингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз. Қандай сабаб билан Ўзбекистонга борган эдингиз?
— 7-синфда ўқиётганимда, Дарз Бергор исмли ўқитувчим ҳаётимда муҳим роль ўйнади. У 1963-1964 йилда Африканинг Гана давлатида тинчлик корпусида ишлаган эди. Унга ҳавас қилдим. Шу соҳада ишлашни ният қилдим. Ўша ўқитувчим Совет иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг, унинг таркибида, айниқса, Марказий Осиёда жуда кўп мамлакатлар борлиги, АҚШ улар ҳақида деярли маълумотларга эга эмаслигини айтди. Шимолий Аризона Университетининг инглиз тили йўналиши бўйича таҳсилни тамомлагач, Тинчлик корпусининг марказий штабига бориб ўз таклифларимни ва Марказий Осиёда шу соҳада ишлаш ниятим борлигини айтдим. Икки ҳафтадан сўнг таклифнома келди. Унда ҳатто Ўзбекистоннинг жойлашган ҳудуди Шимолий Покистон, деб нотўғри кўрсатилган эди. Шундай қилиб, 1994 — 1997 йилларда тинчлик корпусида ишладим. Аввало, Самарқандда ўзбек тилини ўргандим. Кейин Қўқон шаҳридаги 23-мактабда инглиз тилидан болаларга дарс бердим. Қўқон шаҳри менинг ҳаётимда энг ёрқин из қолдирди. Чунки, қадимий шаҳардаги асл ўзбекона урф-одатлар, тарихий қадамжолар менга жуда ёққан. Айниқса, Қўқон шаҳридаги ўзбек оиласида икки йил давомида яшаганим ўзбек тилини мукаммал билиб олишимда тамал тошини қўйди.
— Бизнинг севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига таржима қилибсиз. Бунга нима туртки берган эди?
— 1997 йилда тинчлик корпусидаги фаолиятим ниҳоясига етиб АҚШга қайтдим. Вашингтон Университетида “Марказий Осиёдаги туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили, жадидчилик ва Ислом фиқҳи” бўйича магистрлик мақомини олдим. 2000 йилда жонажон ватанимдек бўлиб қолган Ўзбекистонга бориб аспирантурадаги илмий ишимга мавзу топиш баҳонасида қадрдонларим билан кўришиш иштиёқи пайдо бўлди. Илмий раҳбарим профессор Ильза Сиртаутас хонимдан рухсат сўраганимда, у: “Ўткан кунлар” асарининг уч бобини таржима қилсанг, аспирантурани битирган бўласан”, деб шарт қўйди. Мен рози бўлдим. Шу баҳонада асарни тўлиқ таржима қилишга эришдим.
Таржима жараёнида ҳар гал бирор сўз ва асардаги воқеликни инглиз тилида қандай баён қилиш устида бош қотирсам профессор Ильза хоним кўз ўнгимда гавдаланади. Чунки у таржима санъати ҳар қандай изланишдан кўра машаққатли эканлигини яхши англаган. Йиллар давомида таржима жараёнида ҳар бир саҳифада яхлит бир илмий иш қилаётганимни ҳис қилганман. Таржимага қўл уришдан аввал асардаги ўша давр тарихи, ижтимоий-сиёсий вазият, урф одатларнинг туркий халқлар оилаларидаги ўрни ҳақида батафсил маълумотларни ўрганиб чиқдим. Бу одатларга Қўқонда ўзбек оиласида яшаганимда кўп марта дуч келганман. Масалан, асарда келиннинг чой узатиши, ота-она ва фарзандлар суҳбатидаги муомала одоби, андиша, лутф, меҳмон келишига тайёргарлик кўриш… ҳаммасини аввало тўлиқ ҳис этдим.
Кейин биринчи ишни Тошкентдаги Абулқосим мадрасаси билан ҳамкорлик ўрнатишдан бошладим. Абдулазиз Муҳаммадкаримов керакли, луғатда йўқ сўзларнинг мазмунини тушунтиришда, берадиган иккинчи маънолари ва этимологиясини англатишда жуда катта ёрдам берди. Мадрасадаги Қаҳрамоншоҳ Исмоилов, Камолиддин Мирзаевлар эса асарга чизиладиган суратларда кўмак қўлини чўзишди. Афғонистон сафарида 1907 йилда босмадан чиққан икки томли Ўзбек тилининг изоҳли луғатини сотиб олгандим. Таржима жараёнида ана шу луғат кўп тарихий сўзларга асос бўлди. Ҳар куни ишдан кейин бир бетга 8 соатдан вақт сарфладим. Рафиқам Еленага раҳмат дейман. Ўзбек тилини яхши биладиган бу аёл мен билан бирга тажимонлик қилди, десам адашмайман. Таржимани 2005 йилда Ўзбекистонда бошлаб 2017 йилда АҚШ да тугатдим. Индиана Университетида илмий изланиш олиб бораётган тошкентлик олима Умида Ҳикматуллаева китобга муҳаррирлик қилган.
Мен ўзим ва таржимамни асар қаҳрамони Отабекка қиёслайман. У Марғилон — Тошкент ўртасида ишқ туфайли қатнаганидек, мен ҳам Америка ва Ўзбекистон ўртасида “Ўтган кунлар” асарига бўлган муҳаббатим сабаб кўп бора келиб-кетиб юрдим.
Ушбу асар таржимаси билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Энди Абдулла Қодирийнинг ўз ҳаётини, ижод мактаби ҳақида сценарий ёзиб, бадиий фильм олмоқчиман. Чунки, Марказий Осиёда қандай буюк ижодкорлар, қалам аҳли борлигини, улар ҳар қандай оғир кунларда ҳам ўз мақсадлари, орзу умидларидан, халқидан воз кечмаганликларини бутун дунё, жумладан, америкаликлар ҳам катта экранлар орқали билишини жуда-жуда истайман.
“Халқ сўзи” махсус мухбири
Элёржон ЭҲСОНОВ суҳбатлашди
АҚШ, Колумбия округи.