Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

0
121
марта кўрилган.

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бошланди.

Саммит ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев,  Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков,  Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этмоқда.

Делегациялар раҳбарларининг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.

Сўнг давлат етакчиларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларини самимий қутлаб, ушбу учрашув ҳаёт талаби, томонларнинг яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва шерикликни кенгайтиришга интилиши ифодаси эканини таъкидлади.  

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли охирги йилларда кўплаб мураккаб масалаларга ечим топилди. Бу ижобий ўзгаришлар халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда бутун дунёда юқори баҳоланди.

Шу билан бирга, тез ўзгараётган дунёда янгидан янги масалалар кун тартибига чиқмоқда. Минтақавий хавфсизликка таҳдидлар, барқарор ривожланишга ҳалал берувчи омиллар пайдо бўлмоқда. Бу ўзаро ишончга асосланган шерикликни мустаҳкамлашни, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб этмоқда.

Етакчиларнинг мазкур учрашуви олий даражадаги минтақавий мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. 

– Яратганнинг инояти билан биз қўшнилармиз. Халқларимизнинг тарихи ва тақдири, келажаги чамбарчас боғлиқ. Бу эса минтақамизни бирлаштирувчи катта кучдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ягона нуқтаи назарни келишиш зарурлигини таъкидлаб, унинг асосий йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди, қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. 

Бу, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришдир. Катта бозорга эга, табиий хомашё ва инсон ресурслари салмоқли бўлган минтақамизнинг рақобатдош устунликларини имкон қадар тўлиқ ишга солиш муҳим. Қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, минтақа ичидаги савдони кенгайтириш, иш ўринларини яратиш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги имкониятларни аниқлаш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш лозим.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, аграр тармоқда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр экани билдирилди.

Президентимиз шу мақсадда Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари инвестициявий форумини ташкил этиш, савдо-саноат палаталари раҳбарлари учрашувларини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.

Иккинчи муҳим йўналиш – минтақанинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш.

Марказий Осиёнинг транспорт тизими яратилаётган замонавий логистика инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда минтақа ичида узлуксиз коммуникацияни таъминлаши, шунингдек, тобора ортиб бораётган транзит оқимларига самарали хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди. 

Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузилишини, Марказий Осиё транспорт тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича дастур ва битимнинг келишилишини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. 

Учинчидан, минтақамизнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани таъкидланди. 

Мамлакатларимизнинг улкан туризм салоҳиятини амалга ошириш яна бир истиқболли йўналишдир. Давлатимиз раҳбари бунинг учун Марказий Осиёнинг ягона, кўпчилик танийдиган туризм бренди, минтақа учун умумий бўлган жозибадор туризм маҳсулотларини шакллантириш лозимлигига эътибор қаратди. 

Шу мақсадда Президентимиз “Марказий Осиё бўйлаб саёҳат” халқаро туризм конференциясини ўтказиш таклифини билдирди. 

Шавкат Мирзиёев сувдан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга доир ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишни таклиф этди, Афғонистонда тинчлик, миллий муроса ва иқтисодий тикланишга эришишга кўмаклашиш йўлида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим эканини таъкидлади.
 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.