Математик лингвистика нима? Ёҳуд матнларнинг сон таҳлили хусусида 1-мақола

0
475
марта кўрилган.

 

Бугун кўпгина тилшунос олимларимиз ўртасида лингвистика бу бирор гепотезани фақат сўз ва жумлалар билангина исботлаш ёки назарияни такомиллаштириш, деган дунёқараш мавжуд. Аксарият филология соҳасидаги диссертацияларимизда ҳам  тадқиқот асосан шарҳлаш, далил келтириш ва таҳлил этиш асосида олиб борилиб, бирор бир фикр, ғоя, назарияга мисоллар орқали ишонтирилади. Лекин жаҳон лингвистика илм-фанида эса маълум бир гепотезани аниқ экспериментал таҳлил ва амалий эмпирик тадқиқот асосида “исботлаш” (ишонтириш эмас!) ёки назарияни ишлаб чиқиш аллақачон амалаётга кирган. Лингвистика соҳасида бундай метод матнларнинг  математик таҳлили, статистик таҳлили, квантатив таҳлили (“квант” инглизчадан таржимада “сон”, “миқдор” деган маънони билдиради), математик лингвистика, статистик лингвистика, квантатив лингвистика каби номлар билан аталади.

Оксфорд он-лайн луғатида математик лингвистикага шундай таъриф берилади: “Лингвистиканинг  математик моделлаштириш методи орқали амалга ошириладиган илмий таҳлил йўналиши математик лингвистика деб аталади”.  

Жаҳонда филологияси тадқиқоти тарихида  мазкур метод  XIX асрнинг охирларидан  бошлаб қўллана бошланган. Л.А.Шерман инглиз насрий асарларида  жумлаларнинг узунлиги ҳақида 1888 йилда илмий иш эълон қилади. XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб, ижод қилган  В.А.Богородицкий, А.М.Пешковский, М.Н.Петерсон каби  филологлар рус тилидаги қайси ҳарфлар ва товушларнинг нутқда тез-тез қўлланишига доир тадқиқотлар олиб борганлар. Мазкур йўналиш ХХ асрнинг бошларида швецариялик тилшунос олим Фердинанд де Соссюр ва келиб чиқиши поляк-рус тилшунос олим Иван Алексаандрович Бодуэн де Куртенэлар илк бор тилга олганлар. Кейинчалик ХХ асрнинг 50-йилларига келиб хориж тилшунослигида мазкур йўналиш амалиётга кенг кириб келди.

Бугун Москвада Квантитив лингвистика бўйича Халқаро Ассоциация ҳам мавжудки (1994 йилда немис олимлари Г.Альтман ва Р.Келер ташаббуси билан ташкил этилган), бу эса жаҳон лингвистика илм-фанига мазкур йўналишнинг кенг кириб келаётганига ишорадир.  Германияда “Квантитив лингвистика” журнали  1994 йилдан бери чоп этилиб турибди. Бугун дунёнинг кўпгина олий ўқув юртларида мазкур йўналиш бўйича курслар ўқитилади. Санкт-Петербург Давлат Университетининг Филология факультетида эса “Математик лингвистика” кафедраси ҳам фаолият олиб боради.

АҚШ, Буюк Британия, Германия каби ривожланган давлатларда ҳимоя қилинган диссертацияларда мана шу йўналиши етакчилик қилади, гепотезалар аниқ рақамларда, аниқ экспериментал таҳлил ва аниқ эмпирик тадқиқот орқали исботланади.  Зеро, эмпирик тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган назария ёки исботланган гепотезанинг хонада иш столи устида ўйлаб чиқилган назария ёки исботланган гепотезадан фарқи анча салмоқлидир. Математик ёки статистик лингвистика компьютер экспериментига асосланган йўналиш бўлиб,  натижаси катта амалий аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради.

Мазкур методнинг афзалликлари:

  1. Тадқиқот объектив характерга эгалиги ҳамда тадқиқот натижаларини текшириб кўриш имконияти мавжудлиги;
  2. Катта ҳажмдаги объектни ўрганиш ва тадқиқот натижаларини холис мезонлар асосида хулосалаш имконияти мавжудлиги;
  3. Индивидуал тадқиқот натижаларини бошқа тадқиқотлар натижалари билан аниқ мезонлар, аниқ рақамлар ва аниқ методлар асосида қиёслаш мумкинлиги.

Рус олими Б.Н.Головиннинг фикрича, филология соҳасидаги тадқиқотлар муваффақиятли амалга оширилиши учун сон ва сифат таҳлили биргаликда олиб борилиши керак. Тилшуносликда квантатив таҳлилни кўпинча матнларнинг услуби, жанрлари, муаллифларини классификациялашда, шунингдек, сўз ва жумлалар структурларини (мисол учун сўз ва жумлалар узунлиги, маълум бир сўз ва граммматик бирликларни  матнда тез-тез қўлланиш даражаси) таҳлил қилишда қўлланилади.

Мамлакатимиз тилшунос олимлари ўртасида тилшунослик илмий ишларида статистик таҳлил олиб борилганда  филологик тадқиқот эмас, балки социологик тадқиқот, деган қарашлар мавжуд. Лекин, тил билан боғлиқ муаммоларни филология соҳаси ўрганмаса қайси соҳа ўрганади?!

Математик моделлаштириш асосида амалга ошириладиган таҳлил натижалари, у хоҳ иқтисодиёт, хоҳ социология, хоҳ филология соҳасида бўлсин, катта амалий аҳамиятига эгалиги билан ажралиб туради. Бизда ҳам илмий тадқиқотларни жаҳонда тан олинган “тоши оғир”  методлар орқали амалга ошириш вақти келмадимикан?!

 

ОЙДИН САЪДУЛЛАЕВА,

ЎЗДЖТУ ТАДҚИҚОТЧИСИ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.