Фан олимпиадалари мамлакат келажаги бўлган фарзандларимизни мушоҳадасини, билим доирасини кенгайтиради. Боланинг ўзига бўлган ишончини орттиради. Синовлар ўқувчиларни янги уфқлар сари чорлайди. Шунинг учун мамлакатимизда ва жаҳонда турли беллашувлар тез-тез ўтказилиб турилади.
Кўнгилли бўлиб ўз кучини синаб кўрувчи ўқувчилар учун икки ой аввал математика бўйича Америка олимпиадасининг кузги тури бўлиб ўтган эди. Унда пойтахтдаги 15та давлат мактаби ва 5та хусусий мактабнинг мингдан ортиқ ўқувчилари ўз билимларини синаб кўришди.
Кеча – 1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Лидер мактабида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Ғолиб ўқувчиларга олтин, кумуш ва бронза медаллари топширилди. Шунингдек , олимпиадада қатнашган болалар ҳам қуриқ қолишмади. Уларга қатнашувчи сифатида сертификатлар берилди.
Бизнинг неварамиз 110-мактабнинг 6- синф ўқувчиси Наврўзбек Саъдуллаев бронза медалини қўлга киритди. Барча ғолибларни сайтимиз номидан қутлаймиз. Юртимизга таянч, суянч бўлиб етишишларида тилакдошмиз.
Намоз Саъдуллаев