Бугунги кунда сиёсий партиялар фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Уларнинг эркин фаолияти, мамлакат сиёсий ҳаётида, давлат аҳамиятига молик муҳим ва долзарб қарорларни қабул қилишда фаол иштироки партияларнинг сиёсий куч сифатидаги ижтимоий таъсирини сезиларли даражада оширмоқда.
Маълумки, Миллий қонунчилигимизда сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилгани ҳар бир партия зиммасига масъулият юклайди. Бугунги кунда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига ўз номзодини кўрсатиш бўйича мутлақ ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқда. Бу уларга партия ва электорат манфаатларини қонун лойиҳалари, муҳим давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали илгари суриш имконини бераяпти.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловга номзодларни танлаб олишда ўз стратегиясини белгилаб олди ва 28 мингдан зиёд заҳира кадрлар орасидан партия ғояларини чуқур ҳис этадиган, сайловчилар билан мулоқот қилишда ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни устун қўядиган номзодлар танлаб олинди. Маълумки, партиянинг парламентда кўп ўрин эгаллаши, энг аввало танланган номзодлар ва уларнинг салоҳиятига боғлиқ. Шу боисдан ҳам бу борада ҳар бир номзоднинг билим-савияси, обрў-эътибори, унинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, жамият ҳаётидаги иштироки муҳим ўрин тутади. Бўлажак депутатларга жамиятимизда қўйилаётган талаблар тобора ортиб бораётгани партияларга ҳам, депутатликка номзодларга ҳам ушбу жараёнга тайёр бўлишни тақозо этади. Партиямиз раиси Алишер Қодиров таъкидлаганларидек, айни пайтда асосий мақсадимиз – парламент қуйи палатасидан кўп ўрин эгаллаш. Ана шунда партиямиз ғоялари, мақсад-вазифаларини тўлиқ амалга ошириш имкони яратилади, биз учун. Номзодларимиз ичида эл-юрт таниган инсонлар жуда кўп. Яна бир муҳим масала. Биз бу сафар маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодларга алоҳида эътибор қаратдик. Бу- бежиз эмас. Чунки мазкур чақириқда маҳаллий Кенгашларга жуда катта ваколатлар берилади. Улар партиямиз мақсад-вазифаларини жойларда тўлақонли амалга ошириш, электорат манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатиши керак бўлади.
Шу ўринда ортга бир назар ташласак. Бундан роппа-роса беш йил олдинги сайловда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Хоразм вилоят кенгашидан Олий Мажлисга 3 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 80 нафар, шундан вилоят кенгашига 15 нафар депутатлар сайланган. Халқ депутатлари Янгиариқ, Қўшкўпир ва Урганч шаҳар кенгашларига сайлов округларидан депутатларнинг салмоқли қисми сайланганини қайд этиб ўтиш жоиз.
Олдинги сайловларда ниҳоятда салоҳиятли, сиёсий билими юксак, замон билан ҳамқадам, маҳалладошлари, ҳамкасблари, жамоаси орасида обрў-эътибори баланд, орзу-интилишлари партиямиз ғояси ва мақсадларига ҳамоҳанг, энг муҳими халққа яқин, халқ билан ҳамнафас инсонларни депутатликка номзодини тақдим қилганмиз. Улар кўпчилиги ҳаққоний, муносиб равишда сайланганлардир. Депутатларимизнинг ўтган беш йил давомида ўз сайловчилари ишончини оқлаб, уларга елкадош бўлаётгани, мушкулини осон қилишга кўмаклашаётгани, ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларни ясашга ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳол. Ҳатто, айрим сайловчилар орасида “Фалон депутат яна номзодини кўрсатсин, у халқ дардини ҳамиша тинглайди, мурожаатларимизни жон қулоғи билан эшитади, муаммоларимизни бартараф этишга кўмаклашмоқда, у бизга керак ”, — дея депутат номзодини сўраб, уни бу сафар ҳам қўллаб-қувватлашларини билдираётганларнинг борлиги асло муболаға эмас.
– Ҳозирги кунда мамлакатимизда сайлов кампаниясининг муҳим босқичи — сайловолди ташвиқоти қизғин олиб борилмоқда. Биз сайловчи сифатида ўз қарашларимизни аниқлаб олиш мақсадида номзодлар дастурлари ва партиялар мақсад ҳамда вазифалари билан танишамиз. Электорат сифатида улар дастурларидаги устувор йўналишларни ўз манфаатларимиз билан таққослаб, муносиб номзодларни танлаймиз, албатта, — дейди сайловчи Раъно Жуманиёзова.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Дастури — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзоднинг ўз дастурини ишлаб чиқиш учун асосдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоднинг дастурида, энг аввало, қонунлар қабул қилиш ҳамда уларнинг бажарилишини парламент томонидан назорат қилиш орқали муаммоларни ечишга кўмаклашиш ва аниқ бир сайлов округидаги сайловчиларнинг давлат манфаатларига жавоб берувчи эҳтиёжларини ҳисобга олиш масалалари акс этиши керак, албатта. Барча даражадаги депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида аввало, умумхалқ, умумдавлат манфаатларининг устуворлигини ифода этиши муҳим. Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан асосланмаган таклифларни киритиш ва асоссиз ваъдаларни беришдан чекланиш, кўрсатилаётган муаммоларни шу жойнинг ўзидаги мавжуд имкониятларига таянган ҳолда ҳал этишнинг асосланган йўлларига эътиборни қаратиш талаб этилади.
Кутилаётган сайловга ҳам партиядан депутатликка номзодлар кўрсатишда олдинги тажрибаларимизга таяниб иш кўришни маъқул, деб биламиз. Албатта, бунда халқнинг хоҳиш-истакларини ҳам инобатга олиш жуда муҳим. Чунки депутатни халқ сайлайди, халқ танлайди. Бу сафар ҳам энг муносибларнинг номзодларини кўрсатмоқдамиз. Шуни ишонч билан айта оламизки, улар эртага партиямиз мақсад-вазифаларини жойларда тўлақонли амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида билим-салоҳияти, бор куч-ғайратларини сафарбар этадилар. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг депутатликка номзодлари ишончингизни албатта, оқлайди!
Ражаббой РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Хоразм вилоят Кенгаши раиси