Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида юртимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган эътибор ва эҳтиром янада ортиб бормоқда. Жонажон диёримизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, хонадонларимиздаги файз ва қут-баракани халқимиз, аввало, Яратганнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва миннатдорлик билан қабул қилмоқда.
Айниқса, аҳиллик, ўзаро бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ Рамазон ойини эл-юртимиз доимо катта хурсандчилик ва кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда. Ушбу муборак кунларда инсон қадрини улуғлашга, оила ҳамда маҳаллага меҳр ва эътиборда бўлиш, ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам ва саховат кўрсатишга қаратилган савобли амаллар янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини ҳамда маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
1. 2022 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 2 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин.
Мазкур тадбирларни ўтказишда ушбу муборак ойнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, мамлакатдаги тинч ва фаровон ҳаётни қадрлаш, оилалар ҳамда маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М.Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ