Музокаралар натижаси битимларда мустаҳкамланди

0
32
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Беларусь Президентининг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилди.

Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди.

Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

Кооперация алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.

Музокараларда давлат раҳбарлари кооперациянинг устувор йўналишларини белгилаб бердилар. Булар – қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинув фаоллашганини олқишладилар. Куни кеча ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари иккинчи форумининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди: унинг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган.

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга келишиб олдилар. Олий ва профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.

Йиғилишда расмий делегациялар аъзоларининг ҳисоботлари, музокаралар кун тартибидаги масалалар юзасидан аниқ таклифлари тингланди.

Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор муҳим икки томонлама ҳужжат ва битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шу жумладан:

– 2024-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимларини қўллаш тўғрисида битим;

– Рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Илм-фан ва ишлаб чиқаришда ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Тошкент ва Минск шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;

– Энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– 2024-2025 йилларда спорт соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик дастури;

– 2024-2025 йилларда таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича “йўл харита”си;

– 2024-2026 йилларда агросаноат мажмуида ҳамкорлик бўйича “йўл харита”си;

– Ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси;

– 2024-2025 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси.

Бундан ташқари, ташриф доирасида 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифлари режа-жадвали имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Ўзбекистон Президенти журналистлар эътиборини кейинги йилларда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигида рўй берган сифатли ўзгаришларга қаратди. Барча даражалардаги мулоқотлар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми, кооперация лойиҳалари сони ошгани, маданий-гуманитар алмашинув ва тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта тиклангани қайд этилди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, кўп қиррали шерикликни аниқ амалий мазмун билан бойитишига ишонч билдирилди.

“Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон-Беларусь саммити якунлангач, биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Фахрий меҳмонлар хиёбонида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш рамзи сифатида дарахт экдилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.