Акбарова Гулнора етмишдан ошганида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Кексалик гаштини сураётганда-я дейишингиз мумкин. Опа ана шу улуғвор ёшида ҳамон тетик, ҳамон ғайратли ва ҳамон ташаббускор. Ҳамон сафда.
Гулнора Илясовна фаолият юритаётган соҳа жуда нозик дидни, чуқур билимни, мунтазам ўқиб изланишни, китоблар титкилашни, бир сўз билан айтганда тиниб-тинчимасликни талаб қилади. Бу қандай касб деб қизиқаётган бўлишингиз табиий.
Опа Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг бадиий экспертиза бошқармаси бош санъатшунос-эксперти. Маданият вазирлиги ҳузуридаги ушбу бошқармада 25 йилдан буён фаолият юритиб келади. Ундан аввал ўзи ўқиган – Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон санъат ва маданият институти)да педогог сифатида деярли ярим аср ишлади. Санъатшанос олим, фан номзоди, доцент.
– Институтда ишлаб юрганимда қадимги санъат ёдгорликларини баҳолаш бўйича қонун тайёрланадиган бўлди. Шу соҳада дарс бераётганим учун мени ҳам қонун яратувчи ижодий гуруҳга киритишди. Ўшанда хорижий мамлакатларнинг қонунларини қиёсий ўрганиб чиқдим ва мамлакатимиз қонунини тайёрланаётганда миллий хусусиятларимизни эътиборга олиб ўз мулоҳазаларимни билдирдим. Мана шундан бери деярли 25 йилдан ортиқ муддат ўтди. Қонунни қайта таҳрир қилиш вақти етди. Ўшанда биз 50 йил аввал яратилган асарлар ҳам қадимий ҳисобланади деб айтганмиз. Бу санани қайта кўриб чиқиш керак. Бизда рассомчилик санъати ўтган асрнинг 20 йилларида кенг тус олди. Республикамизга келиб ижод қилган рус рассомлари қаторида ўзбеклардан ёш тасвирий санъат ижодкорлари етишиб чиқди. Бу янги бир даврнинг бошланаши эди. У асарлар йўқолиб кетиши мумкин эмас. Ўзбек санъатшунослигида бу йиллар улуғвор бир даврни ифодалайди. Ундан аввал китобларга чизилган миниатюралар эса ўзига хослиги қадимий ва наёб асарлиги билан ажралиб туради. Асосан китобларда ифодаланган бу асарларни ҳам алоҳида асраш керак. Хуллас биз ўша пайтда мустақил Ўзбекистон учун зудлик билан қабул қилиниши керак бўлган қонунни яратдик. Эндиликда уни янада такомиллаштириш керак – дейди санъатшунос олима.
Гулнора опа териларга битилган қадимий битиклар, ҳужжатлар, китоблар, чиннилар, кулолчилик, кандакорлик, дарахтларга ясалган нақшлар намуналари бу бизнинг, халқимизнинг улуғвор бойлиги, уларнинг ижодкорлари билан фахрланамиз. Қадимий санъат асарларини асраб авайлашимиз, советлар даврида мамлакатдан чиқиб кетган мўъжизамонанд ижод намуналарини қайтаришни иложи бўлмаса одамларнинг қўлида сақланаётган ижод намуналарини асраб қолиш кераклиги ҳақида жон куйдириб гапирди.
– Юридик шахслардан ташқари жисмоний шахслардан ҳам буюртмалар олинадими? Маҳсулотнинг қиймати аниқлаб берилиши учун қонунда нарх — наволар белгиланганми?
– Ҳа. Қийматини белгилаб беришимиз мумкин. Бироқ бизнинг ҳам мажбуриятларимиз бор. Бу санъат мўъжизалари сир сақланиши даркор. Биз уларни архивимизда номерлаштириб қўямиз ва қатъий сир сақлаймиз. Кўпинча бизга бу мени шахсий мулким – бобомдан, момомдан қолган. Мен уни истаганимча сота олмайманми, дея мурожаат қилишади. Қадимий санъат мўъжизаларининг бари бу умумхалқ мулки, уни фарзандингизга мерос сифатида қолдиришингиз мумкин. Фарзандингиз ҳам уни сота олмайди. Агар сотиш ниятингиз бўлса, қадр- қийматига қараб давлатимиз сотиб олади, дея тушинтирамиз. Шунингдек, тасодифий қўлга тушган топилмалар бор. У ҳам ўзбек ҳалқининг мулки, уни фақат давлатгина сотиб олади. Маълум фойизи топган кишига берилади. Инсонларга шу масалаларни тушинтиришимиз даркор бўлади. Бизнинг ташкилотимиз ана шундай савоб ишларга, ўзбек халқининг ижодий бойликларини асрашга, ҳар бирининг қадр-қийматини белгилаб беришга хизмат қилади.
Хорижий кўргазмаларга амалий санъат намуналари олиб кетилади. Уларни тўлиқ қайтиб келишига ҳам масъул бўлсангиз керак.
– Албатта. Ҳар бир намунанинг таърифу тавсифини ва қийматини белгилаб берамиз ва уларнинг рўйхатини тегишли ташкилотларга топширамиз. Улар рўйхатга қараб хорижга чиқаришади ва шунга қараб қабул қилиб олишади.
Ўзбек халқининг мўъжизаларини асраб авайлашга муносиб ҳисса қўшаётган опагинамизни юксак давлат мукофоти билан яна бир бор қутлаймиз. Ишларида омадлар тилаймиз.
Раъно Зарипова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист