Нега Россия университети танлангани ва унинг филиали нега айнан Самарқандда очилаётганига изоҳ берилди

0
260
марта кўрилган.

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент қарори асосида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университетининг Самарқанд филиали ташкил этилишига доир масалалар муҳокамасига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.

Филиалга талабалар баскетбол, волейбол, енгил атлетика, эшкак эшиш, теннис, футбол  йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилиниши маълум қилинди.

“Россияда спорт йўналиши бўйича биринчи рақамли олий ўқув юрти ҳисобланади, — деди Жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий-методик таъминлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази директори Илҳомжон Турсуналиев. — Бугунги кунда мазкур даргоҳда 60 мингдан ортиқ мутахассис етишиб чиққан, шундан 5 мингдан ортиғи хорижга тайёрлаб берилган. Ҳозир бу ерда 6800 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Рейтинг бўйича топ-1000 таликка киргани ва илмий салоҳияти жаҳонда юқори бўлгани учун айнан Россиянинг шу университетини танладик”.

Мутасаддилар мазкур муассасанинг Ўзбекистонда очилаётганининг аҳамияти ва сабаблари ҳақида тушунча берди.

“Ўзбекистон Олимпия ўйинлари, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари, нуфузли халқаро мусобақаларда жуда кўп ютуқларга эришмоқда, — деди Илҳомжон Турсуналиев. — Лекин эришаётган ютуқларимизнинг ҳаммаси — якка кураш спорт турлари бўйича. Шунинг учун биз спорт ўйинлари ва жамоавий спорт турларини ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Биз мамлакатимиздаги спорт таълим муассасаларини ўрганиб чиқдик. Ҳозирда уларда ишлаётган мутахассисларнинг 51 фоизи ўрта махсус маълумотли. Шулардан келиб чиқиб, биз Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университетини танлашга қарор қилдик”.

Журналистлар ушбу олий ўқув юртиинг филиали нега айнан Самарқанд вилоятида очилаётгани ҳақида савол беришди.

“Битта таълим муассасаси, яъни Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети бутун Ўзбекистонга спорт йўнлишида кадр етказиб беришда имкониятлари чегараланган, — деди Илҳомжон Турсуналиев. — Мақсад — кадрлар тайёрлаш жараёнини янги сифат босқичига олиб чиқишда соғлом рақобатни шакллантириш. Чирчиқда жойлашган университетга Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Жиззах, Сирдарё, водий ҳудудида яшовчи аҳоли тўғридан-тўғри, ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳужжат топширса бўлади. Россия университети филиалини воҳада очганимизнинг сабаби — Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм каби нисбатан олис регионлардаги фуқароларнинг таълим олиши учун имкон яратиш. Самарқанд географик нуқтаи назардан марказроқда жойлашган”.

Таъкидланишича, филиалда таълим рус тилида олиб борилади. Ўқишга қабул қилишда имтиҳон синовлари ҳам даставвал рус тилидан суҳбат кўринишида ўтказилади, кейин спорт турлари бўйича умумий жисмоний тарёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар ўтказилади.

Самарқанд филиалида давлат гранти ва шартнома асосида таълим олиш имкони мавжуд экани, шартнома тўлови 2000 АҚШ доллари этиб белгилангани қайд этилди.

Дарсликлар ва ўқув қўлланмалар Россия университети томонидан етказиб берилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университетининг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Филиалнинг ўқув биноси ва спорт иншоотлари қурилиши 1 октябрга қадар якунланиши билдирилди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.