Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бажарилган “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа якунланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, унинг брендига ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, халқимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган тўқима номларнинг олдини олиш, янги номларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъекти билан шуғулланувчи оммани нейминг технологияси асосларидан хабардор қилиш, уларга услубий кўрсатмалар бериш, савдо брендлари номларининг заҳирасини яратиш, ўзбек халқининг миллий-маданий қарашлари, менталитети ҳамда ўзбек адабий тили меъёрларига асосланган ном яратишнинг электрон дастурий таъминотини яратиш ҳамда интернет тармоғида нейминг хизматини ташкил қилиш, умуман, ўзбек тилида нейминг (номлаш)нинг амалий ва ҳуқуқий механизмини ишлаб чиқишдан иборат эди.
Мавзу бўйича ҳисобот даврида қуйидаги ишлар бажарилди: Ҳисобот даврида лойиҳа иштирокчилари томонидан 2та монография, 1та луғат, 2та луғат- кўрсаткич, 1та ўқув қўлланма, 1та дастурий таъминот, 82 та илмий мақола (жумладан хорижда 21 та, шундан, SCOPUS базасида 6та, IMPACT FACTOR 15та): Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатидаги журналларда 13та мақола чоп этилган, халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманларда 30дан ортиқ маъруза қилинди; радио ва телевидениедаги эшиттириш ва кўрсатувларда 20 мартадан ортиқ чиқиш қилинди.
Ўзбек тилида мавзуий неймлар базасини шакллантириш бўйича мавжуд номлар картотекасини яратиш ишлари устида иш олиб борилди. Бу бўйича 30дан ортиқ мавзуий гуруҳлар шакллантирилди ҳамда мавзулаштирилган ҳолда 80 мингдан ортиқ ном (нейм)лар заҳираси шакллантирилди.
Лойиҳа ғоялари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 16 мартдаги 144-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қонунга асосан лойиҳа натижалари тижоратлаштирилди: 2021 йилнинг апрелидан бошлаб, университетимиз ҳузуридаги Давлат тили асосларини ўқитиш ва малака ошириш Маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида “Номлаш хизмати” ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан «Савдо, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик субъектлари учун Миллий номлаш хизмати» автоматлашган ахборот тизими учун гувоҳнома олинди.
Ушбу ахборот тизими орқали мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларига фирма, корхона, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳамда маҳсулотларига давлат тилида ном яратиб берилмоқда. Университет томонидан 2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига хўжалик шартномаси асосида нейминг хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Лойиҳа доирасида битта докторлик диссертацияси бажарилмоқда. Мен “Ўзбек тили эргонимларининг структур-семантик, лингвомаданий ва прагматик хусусиятлари” илмий ишимни амалга оширмоқдаман.
Лойиҳа натижаларининг амалиётга татбиқи сифатида 60230700 – Амалий филология таълим йўналиши ўқув дастурига “Нейминг назарияси ва амалиёти” фани киритилди.
Муяссар САПАРНИЯЗОВА, Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ Амалий филология кафедраси доценти