Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш коллежи биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилди

0
684
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш коллежининг бутунлай янги қиёфада таъмирдан чиқарилган биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу ўқув маскани 1970 йилда Тошкент матбаа техникуми номи билан фаолият бошлаган ва республикадаги матбаа ва ноширлик соҳаси учун кадрлар етказиб берувчи ягона ўқув юрти ҳисобланган. Бироқ ўтган йиллар мобайнида бир неча номлар билан аталган билим юрти ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариш имконига эга бўлмаган. Сабаби бу ерда амалда матбаа ва ноширлик соҳаси кадрларини тайёрлаш учун оддий шароит ҳам бўлмаган. 

Ана шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5653-сонли Фармони билан ушбу коллеж Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфига ўтказилди ва агентлик олдига бу даргоҳда замонавий кадрларни тайёрлаш учун шарт-шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Агентлик томонидан коллеж фаолиятини чуқур ўрганилиб, уни тубдан реконструкция қилиш ва бу ерда замон талабига жавоб берадиган кадрларни тайёрлашга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Асосий мақсад — ушбу билим юртининг энг замонавий асосдаги ўқув юртига айлантириш ва унда билим олаётган ўқувчилар учун инновацион шароитларни яратишга қаратилди. 

Шу мақсадда ўтган вақт давомида 540 ўқувчига мўлжалланган коллежга тегишли бинолар тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Халқаро таълим стандартларига мос шарт-шароитлар ва ўқув лабароториялари яратилди. 

Ўқув юртининг моддий-техник базаси энг замонавий русумдаги техника ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Бу ерда соҳага оид китоб фонди ва электрон дарсликларга эга ахборот-ресурс маркази, компьютер ва ўқув амалиёт хоналари, спорт зали ҳам ўқувчиларга хизмат кўрсатади.

Шу ўринда бу ерда барпо этилган “Матбаа тарихи” музейи нафақат республикамиз Марказий Осиёда матбаа ва ноширлик соҳасининг тарихи ва бугунидан ҳикоя қилади. Ушбу музей ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади. 

Яна бир муҳим жиҳат — коллежнинг энг йирик  матбаа корхоналари фаолият юритиб келаётган ҳудудда жойлашганлиги ҳам, жуда катта амалий аҳамият касб этади. Эндиликда республикамиздаги йирик нашриётлар — “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси ўқув масканининг ҳамкор ташкилотлари этиб белгиланди. Ўқувчилар бундан буён олган назарий билимларини ушбу етакчи нашриёт ва матбаа корхоналарида амалий машғулотлар билан янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.