ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

0
875
марта кўрилган.

Хотира ва қадрлаш кунини ҳарбий хизматчилар ўзгача тадорик билан қарши олишмоқда. Улар жойларда ўтказилаётган ҳайрия ҳашарларида жонбозлик кўрсатиб, юртимиз ободончилигига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Яккасарой туманида жойлашган “Биродарлик қабристони” ҳарбий мажмуасида уюштирилган ҳашарда Тошкент шаҳар мудофаа ишлар бошқармаси ва туман мудофаа ишлар бўлимлари шахсий таркиби иштирок этишди.

–  Ҳашар – ҳалқимизга хос фазилат. У инсонлар ўртасидаги якдиллик, бирдамликни ифода этади, – дейди Мирзо Улуғбек туман мудофаа ишлар бўлими бошлиғи подполковник Шамсиддин Абдуллаев. – Ҳашар  доирасида  мазкур  мажмуада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Дарахтларнинг таги юмшатилди, оқланди, гулзорлар бегона ўтлардан тозаланди, йўлаклар супирилди. Қилинган меҳнат самараси бирпасда бўй кўрсатди. Атроф янаям саранжом-саришта, обод ва кўркам бўлди.

— Атроф-муҳит тозалиги, ободонлигига эришиш учун ҳар биримиз ўзимизни масъул деб билишимиз лозим. Шундагина табиат билан янада яқин бўламиз, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Миробод туман мудофаа ишлар бўлими бўлинма бошлиғи истеъфодаги подполковник О. Қорақулов. — Муборак байрам арафасида ўтказилаётган бу каби эзгу тадбирлардан ўтганларнинг руҳи ҳам шод бўлади, албатта. 

Эзгу амаллар бардавомдир. Дастлаб “Биродарлик қабристони” ҳарбий мажмуасида ўтказилган ҳашар пойтахтимиздаги бошқа қабристонларда ҳам уюштирилди. Мазкур тадбирларда юзлаб ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари фаол  қатнашди.

Ободлик кўнгилдан бошланади, дейдилар. Бу ободлик кўнгиллардан кўнгилларга кўчиб, ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бораверсин.

Капитан Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.