Миллий қонунчилигимизда ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар экани қатъий белгиланган бўлса-да, уларда жазони енгиллатиш, озод этиш, судланганлигини олиб ташлаш каби инсонпарварлик тамойилларига асосланган нормалар ҳам мавжуд. Жазони ижро этаётган маҳкумларга нисбатан қўлланиб келинаётган амнистия ва афв этиш шаклидаги инсонпарварлик актлари ҳам шулар жумласидандир.
Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, кейинги уч йилда мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан, содир этган жинояти туфайли қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланмоқда, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш асосий мезонга айланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда Олий Мажлис Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия актлари қўлланилди. Лекин бу амалиёт жамиятда ўзини етарли даражада оқламади, чунки у оммавийлик хусусиятга эга эди.
2016 йилда давлатимиз раҳбари томонидан илк маротаба Президентлик ваколатидан фойдаланган ҳолда, маҳкумларга нисбатан афв этиш институти қўлланилди. Афв этиш институтида маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этиш ёки унга тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштириш ёхуд судланганлик ҳолатини олиб ташлаш каби жиҳатларнинг мавжудлиги билан ҳам инсонпарварлик хусусиятига эга.
Бу институтнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар бир маҳкумга нисбатан унинг қилган жинояти, жазони ижро этиш мобайнида ўз қилмишидан пушаймонлиги, чин дилдан тузалиш йўлини танлаганига қараб индивидуал ёндашилади. Ўтган қисқа давр мобайнида, яъни уч йил ичида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва қатъий тузалиш йўлига ўтган 4 мингдан зиёд маҳкум афв этилди.
Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида давлатимиз раҳбари жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкумни афв этиш, уларни эркин ҳаётга қайтариш тўғрисидаги Фармонни имзолаганини айтганида, жамоатчилик олқишлар билан кутиб олди.
Айнан бу хайрли иш Бош қомусимиз қабул қилинганининг 27 йиллиги байрами арафасида рўй берганида ҳам жуда катта маъно-мазмун бор.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг афв этишни амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатини рўёбга чиқаришининг ёрқин далили, Конституция ва қонунларни ҳурмат қилишга шахсий намунаси бўлди.
Ушбу ҳужжат нафақат ҳуқуқий, балки катта тарбиявий аҳамиятига эга ҳужжат дейиш мумкин.
92 нафар маҳкум… Бу кичик рақам эмас. Зеро, уларнинг ҳар бирининг ортида кўзи тўрт бўлиб кутаётган оила аъзолари, яқинлари турибганини инобатга олсак, ҳар куни фарзандининг “Дадам қаерда, қачон келади?”, деган саволига жавоб тополмай, юрак-бағри эзилган келинчаклар, яқин қариндош-уруғлар, маҳалла-кўй, бутун жамоатчиликни кўз олдимизга келтирсак, унинг моҳиятини янада теранроқ англаймиз.
Давлатимиз раҳбари маҳкумларни нафақат жазодан озод этди, балки уларнинг жамият ҳаётига мослашиши, яхши яшаши, меҳнат қилиши, уларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида банклардан кредитлр ажратиш, ёлғиз ва кексаларни “Меҳрибонлик” ва “Саховат” уйларига жойлаштириш, соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлашга кўмаклашиш борасида берган топшириқлари олижаноб инсонийлик фазилатларининг яққол намунаси бўлди.
Афв этилганларнинг жамият томонидан маънавий-руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, ижтимоий-иктисодий кўмак берилиши, жамиятга мослашиш ва соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқимизнинг нақадар инсонпарварлигини яна бир карра намоён қилади. Бу, ўз навбатида, халқимизда, айниқса, ёшларда ҳамжиҳатликда яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, соғлом турмуш кечириш, намунали оила барпо қилиш, жисмоний ва маънавий соғлом фарзандларни вояга етказиш билан бирга, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳиссини тарбиялашга ҳам хизмат қилади.
Хулоса ўринда айтиш мумкинки, жамиятда фуқаролар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларига баҳо бериш, уларнинг айбдорлигини, қонун олдида жавоб беришини таъкидлаш осон. Лекин ана шу ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг келиб чиқишида қисман бўлса-да, барчанинг ҳам айбимиз борлигини чуқур ҳис қилган ҳолда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг содир этилишига олиб келиши мумкин ҳолатларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга оид таклифларимизни беришимиз, шу аснода ҳар биримиз жамиятнинг фаол фуқаросига айланишимиз лозим.
Ана шундагина биз ҳам давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик кўмаги билан афв этилган юртдошларимизнинг ўз оиласи, фарзандлари бағрида янги ҳаёт бошлаб, соғлом турмуш кечиришлари учун елкадош бўла оламиз.
Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати