Оилавий муносабатларда шахснинг умуммаданий дунёқарашининг шаклланиши

0
7773
марта кўрилган.

Ушбу мақолада оилавий муносабатлар, оила педагогикаси жамиятнинг шахс тарбиясига оид муҳим давлат сиёсатидаги устувор вазифаларни мукаммал бажаришдаги жиҳатлари ўрганилган ва шунингдек, оилада умуммаданий дунёқарашни шакллантиришнинг долзарб масалалари, фарзанд тарбиясига доир тартиб, одоб – ахлоқ қоидаларини синовдан ўтказувчи ва амалда тадбиқ қилувчи ота-онанинг фаолияти таҳлил этилган. 

Оила ижтимоий ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини, тарбиянинг узлуксизлигини таъминлайдиган, келажак насл қандай бўлиб етишишига ўз таъсирини кўрсатадиган ижтимоий макон ва педагогик омил вазифасини ўтайди. Инсон оилада шаклланади. Оила муҳаббат, ҳурмат, бирдамлик ва меҳрибонлик манбаи. Айнан шу қадриятларга ҳар бир ривожланган жамият суянади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 майни “Халқаро оила куни” сифатида нишонлашга келишилганлигини ўзи ҳам бу масалани халқаро миқиёсида қанчалик долзарб эканлигидан далолат бериб турибди. Барча даврларда ҳам давлат ва жамият ғамхўрлиги оилаларнинг мустаҳкамлиги ва тинчлигига асос бўлган. Шу боис мамлакатимизда 1998 йил “Оила йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2016 йил “Соғлом бола ва она йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда Республикамизда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.06.2018 йилдаги ПҚ-3808-сон қарори билан унинг устувор вазифалари ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланиши, шунингдек, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили 15 майда мамлакатимизда Халқаро оила куни нишонланиши давлатимиздаги оилавий муҳит ва уни мустаҳкамлаш учун қилинаётган амалдаги саъй-ҳаракатларнинг яққол наъмунасидир.

 Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Биз учун муқаддас бўлган  оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик – хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий – маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур”.

 Дарҳақиқат, асрлар давомида ўз эътирофини топган ва диний-ахлоқий қадриятлар даражасига кўтарилган оилавий муносабатларда ҳалол яшаш, меҳнат қилиш, фарзанд тарбияси ижтимоий ҳаёт тарзини ривожлантириш манбаидир. Шарқона тарбияда шахснинг умуммаданий дунёқарашининг шаклланиши асоси оиладан бошланади.

Инсон фарзанди ота-онадан генетик мерос олади. Унга аждодлари генофонидан ҳам улуш тегади, албатта. Буни ҳаётшунослар ирсият, дейишади. Ёруғ оламга кўз очган дилбандлар дастлаб олий даражадаги моддий қадриятлар ҳисобланмиш ҳаво, она сути, сувдан баҳраманд бўладилар. Сўнгра шахс камолотини рўёбга чиқишига асос бўладиган ҳамда уни таъминлайдиган муҳим омиллардан бири оилавий тарбия омили бошланади.

Оила “миллат шарафини” юқори мартабага кўтарадиган замину восита ҳисобланади. Оилада фарзандлар туғилади, ўзига хос хусусиятлари, инсоний фазилатлари вужудга келади, шахс шаклланади. Оила ва оилавий муносабатлар маданияти ҳамда шахснинг, ёш авлоднинг умуммаданий-маънавий дунёқарашининг шаклланиши ҳамда ривожланишига таъсири муаммосини илмий таҳлил қилиш қатор фанларнинг ўрганиш объекти бўлиб келмоқда. Ўз навбатида оилавий муносабатлар маданияти шахс камолотига таъсир этувчи биринчи омил бўлиб, оилавий муҳитнинг ҳам жисмонан ҳам маънан соғлом бўлиши жамият тараққиётига, ундаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга ижобий ёки салбий таъсир этмасдан қолмайди.

Оилавий муносабат маданияти нима? Бу – оилада инсонга хос ва мос шароитларни яратиш, оиланинг вазифаларини тўла бажариш, оилавий турмуш тарзини тўғри шакллантириш, оила аъзоларининг хулқ-одоби, дунёқараши, мафкурасини, оилавий ҳаётнинг давомийлигини таъминлашдир. Мустаҳкам оила мустаҳкам жамиятнинг асосидир. Шундай экан жамият оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда шахснинг умуммаданий дунёқарашини шакллантириб, такомиллаштиришга алоҳида эътибор бериб келмоқда.

Оила ва оилавий муносабатларда шахснинг умуммаданий дунёқарашини илмий тадқиқ этишни унинг жамият тараққиёти қонунларига мувофиқ ривожланишини ифодалашдан бошламоғимиз лозим. Оиланинг ривожланиши жамиятнинг моддий ишлаб чиқариши ва маънавий ҳаёти билан боғлиқдир. Оила шаклларининг ўзгариши, ибтидоий жамият давридан бошлаб барча тарихий босқичларда моддий ишлаб чиқариш маънавиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ эканлиги илмий адабиётларда кенг таҳлил этилган.

Лекин жамиятнинг, оиланинг моддий ҳаёт шароитлари ўзгариши ўз-ўзидан маънавий камолотга олиб келмайди. Маданий қашшоқ бўлган одам бой бўлиб қолса, бирданига маънавий камолот даражасига кўтарилиб қолмайди. Педагог-олимлар мазкур мавзунинг таълим-тарбиявий жиҳатларини тадқиқ этиб, оиланинг шахс тарбиясида тутган ўрнига алоҳида эътибор бериб, оилавий тарбияни умумий тарбиянинг бир қисми сифатидаги жиҳатини ёритишмоқда; психолог олимлар оила ва оилавий муносабатларга этно-психологик жиҳатдан ёндошмоқдалар. Этнограф-тарихчилар ҳам оиланинг келиб чиқиши ва оилавий муносабатлар маданиятининг шаклланиши билан боғлиқ масалаларга тўхталиб, оилавий урф-одатлар, анъаналар, маросимларнинг ёшлар тарбиясига таъсирини ўрганганлар.

Файласуф олимларимиз масаланинг моҳиятини очиб беришда шахс ва жамиятнинг ўзаро муносабати ҳақидаги умумаксиологик қонуниятга суянган ҳолда, шахс ижтимоий муносабатлар мажмуидан иборат деган назарий концепцияни ўртага ташлаганлар. Худди шу концепциядан эса оилада фарзанд тарбияси ижтимоий характерга эга деган бошқа бир назарий хулоса келиб чиқиши табиийдир. Маданиятшунослар оилавий муносабатлар маданиятининг ёш авлод тарбиясига таъсирини таҳлил қилиб келмоқдалар.

Шуни алоҳида кўрсатиб ўтиш керакки, Марказий Осиё мутафаккирлари ва маърифатпарварлари Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф хос Хожиб, Кайковус, Девоний, Алишер Навоий, Бобур, Мунис Хоразмий, Бедил, Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Қори Ниёзий, Чўлпон, Фитрат ва бошқаларнинг асарларида оила ва оилавий муносабатлар ҳақида қимматли фикрлар мавжуд. Уларнинг кўпларида мазкур масалага оид қарашлар муайян тартибга туширилган ва таълимот даражасига кўтарилган. Хусусан, Абу Али ибн Синонинг “Ахлоқ”, “Оила хўжалиги”, Алишер Навоий “Ҳайрат-ул аброр” ва “Маҳбуб-ул қулуб” асарларида оилага алоҳида эътибор билан қараб, уни инсон камолга эришувида асосий макон деб билганлар.

ХХ аср бошларидаги маърифатпарварлик ҳаракатининг асосчиларидан бири Фитратнинг “Оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий тарбия бериш орқали мана шу турғунликдан қутилиш, жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилган. “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир… Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади.” деб ёзади.

Оиладаги ўзаро муносабатлар маданияти малакаси тасаввуф фалсафасида ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу фалсафанинг йирик вакиллари бўлган Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро тариқатларида ота ва оналар ўзаро муносабатларининг фарзандлар камолотидаги роли, фарзандларнинг ота-оналарга бўлган муносабати мавзуи алоҳида таъкидлаб ўтилганлигини кўрамиз.

Шунингдек, улуғ уламолар бўлмиш Ал-Бухорий, Ат-Термизийларнинг ҳадис тўпламларида, асарларида ҳам мазкур мавзуга катта эътибор берилган. Қуръондан кейинги диний манба – ҳадисларда Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в.) айтдилар: “Аллоҳ таолонинг рози бўлиши ота-онанинг рози бўлишига ва Аллоҳнинг ғазаби ҳам ота-онанинг ғазабига боғлиқдир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳақиқатдан ҳам ота-онага озор бермаслик, уларнинг дилини вайрон қилмаслик, мулойимлик билан суҳбатда бўлиш, кўнглини кўтариш айтганларини вақтида бажариш, фарзанднинг ота-она олдидаги бурчидир.

Мустақиллик даврида оила-никоҳ муносабатларининг ҳуқуқий тартибга солиниши масалаларини Ф. Отахўжаев, ўзбек оилалари маънавиятининг тарихий асослари, маънавий руҳияти, анъаналари, фарзандлар тарбияси муаммоларини истиқлол мафкураси нуқтаи назаридан О. Сафаров, М. Маҳмудовлар таҳлил этсалар, оиланинг жамиятда тутган ўрни, оилавий тарбия, оила аъзоларининг оиладаги ўрни, оилада миллий ва умуминсоний тарбия масалаларининг педагогик нуқтаи назардан О. Мусурманова, оиланинг моҳияти, ота-оналарнинг бола тарбиясидаги масъулияти, фарзандлик бурчига оид баъзи миллий диний анъаналаримизни Э. Юсупов, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга оид масалаларни М. Халматовалар таҳлил қилганлар.

Оила турларининг демографик, ижтимоий тузилишларига қараб бўлинишининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда унинг оилавий муносабатлар маданиятига таъсири мавжуд. Мамлакатимизда мавжуд оилаларнинг аксарияти тўлиқ оилалардир. Тўлиқ оила деганда ота-она ва фарзандлардан иборат оила тушунилади. Бу типик оилага хос хусусиятдир. Бундай оилалар, ўз навбатида, патриархал, нуклеар, мезальянсларга бўлинади. Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусияти яна шундаки, ҳозирда ўзбек оилалардаги катта патриархал оила хўжалиги ҳам сақланиб қолинган. Бунда 2-3 авлод хўжалиги умумий бўлиб, уларнинг иқтисодий бирлигининг асоси ҳисобланган оила мулки фақат оила бошлиғи қўлида бўлади ва ҳамма унга бўйсинади. Мана шу сабабли ҳам қариндош – уруғларнинг қуда-андачилик муносабатлари давом қилиб келаяпти. Яқин қариндошларнинг никоҳи ҳам шу жумладандир.

 Шарқ ва ғарб оилалари хусусиятларини қиёсий таҳлил қилганимизда оврўпа оилаларига хос хусусият – никоҳсиз эркин яшашнинг кенг тарқалиши, ажралишларнинг кўпайиши, туғилишнинг камайиши билан изоҳланади. Айрим Ғарб олимлари никоҳни бутунлай йўқотиб, никоҳ киши эркинлигини чеклаб қўяди, у инсон табиатига зид нарсадир деб ҳисоблайдилар. Албатта, бу нотўғри бўлиб, инсоният тараққиётига зиддир.

Замонавий оилаларга хос иккинчи хусусият уларнинг нуклеарлигидир (Нуклеар – лотинча сўздан олинган бўлиб, луғавий маъноси “ядро” демакдир. Эр-хотин ва болалардан иборат). Ҳозирда Ғарб цивилизацияси таъсирида оиланинг бу хили кўпайиб бормоқда. Бундай оилаларда қайнона ва келин ёки келинлар алоҳида яшаганликлари учун улар орасидаги низоли муносабатларнинг олди олинади, турмуш тарзида улар бир-бирлари билан қадрлироқ, меҳр-шафқатлироқ маданий муносабатда бўлишади. Бу масаланинг ижобий томони бўлиб, оилавий муносабатларда шахснинг умуммаданий дунёқарашининг шаклланишига олиб келади. Ота-онадан алоҳида яшаётган келин-куёв мусатақил ҳаётга, оила иқтисодиётини режалаштиришга, фарзандларни мустақил тарбиялашга ўрганадилар. Оилавий масалаларни дам олиш, бўш вақтдан самарали фойдаланиш кабиларда нуклеар оилалар эркинликка эга бўладилар.

  Замонавий оилаларга хос учинчи хусусият – мезальянсларнинг ошишидир. (“Мезальянс” – французча сўз бўлиб эр-хотиннинг ижтимоий, маданий ва иқтисодий мавқелари орасида катта тафовут бўлган оилалар тушунилади). “Мезальянс” деб, масалан шаҳарликлар билан қишлоқликлар, зиёлилар билан ишчи-деҳқон, чорвадорлар ҳамда турли миллат кишилари орасидаги никоҳларни тушуниш мумкин. Мезальянс оилалар сонининг ошиши ҳам ирсий ижтимоий жиҳатдан ижобий ҳолдир.

Шарқ тарбиясида биз ота-оналар оила бахтлилигини таъминлашда ва ёшларни оилага тайёрлашда жинсий тарбияга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Машҳур файласуф З. Фрейднинг таълим беришича, оила фақатгина биргаликда яшаш учун эмас, балки тўлақонли ҳаёт кечириш, инсоний эҳтиёжни қондириш учун ҳам қурилади.

Оилада ҳар томонлама соғлом муҳитни қарор топтиришда қуйидаги ижтимоий педагогик-психологик, маънавий-маданий мезонларга амал қилишни тавсия сифатида мақсадга мувофиқ  деб ёндашишимиз мумкин:

  • ёшларни спортга, жумладан, оилавий спортга ижобий муносабатини шакллантиришга эришиш;
  • фарзандларда ҳаётий фаолиятни оқилона ташкил этиш ва репродуктив маданиятни шакллантиришга эришиш;
  • Оилада соғлом турмуш тарзини асосий омил сифатида халқимизнинг ўзига хос анъаналари ва қадриятларини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;
  • Ота-оналарнинг фарзанд тарбияси юзасидан масъулиятини, салоҳиятини, саводхонлигини, ота-онанинг педагогик-психологик лаёқатини ошириш, оилавий ва ижтимоий тарбия бирлигини таъминлаш;
  • Оилада маънавий ва жисмоний етук авлодни тарбиялаш, ёшларни оилавий ҳаёт қуришга тайёрлаш, замонавий касб-ҳунар сирлари билан қуроллантириш;
  • Оилавий муносабатларда фарзандларнинг умумаданий дунёқарашини шакллантиришга эришиш.

Хулоса қилиб айтганда, оиланинг зиммасига улкан ва зарур ижтимоий миссия юклангандир. Бола тарбияси  энг оғир ижтимоий вазифа эканлиги аёндир. Ота ва онанинг шахсий ва ижобий намунаси солиҳ ва солиҳа фарзандларнинг камолга етиши учун гаровдир. Остона ҳатлаб ташқи дунёга қадам қўйилганида эса болага атроф-муҳит ва жамоатчиликнинг таъсири сезиларли бўлади. Таълим муассасалари ва маҳалла-куй, умуман, ижтимоий сфера муҳити инсон фарзандини то ҳаётининг сўнги дақиқасигача таъқиб қилиб боради. Шу боисдан, оилавий муносабатларда шахснинг умуммаданий дунёқарашини шакллантиришга эришиш, нафақат шахсий ҳаётда, балки, мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий  ўзгаришлар ва уларнинг тараққиёти жамиятнинг руҳий ва маънавий такомилида ҳам муҳим ўрин тутади.

А.Ш. Жумаев – ЎзДЖТУ доценти,

С.Б. Шарипова –ЎзДЖТУ  Педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.