Олимжон ЎСАРОВ: «Мақсадларимиз амалга ошса, журналистларимиз учун янги босқич бошланади»

0
159
марта кўрилган.

МАХСУС ИНТЕРВЬЮ

Журналистлар ижтимоий долзарб ахборотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш билан шуғулланади. Демакки, халқ ва давлат ўртасидаги муҳим бўғин, бу — журналистика. «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби», дея Президентимизнинг бот-бот соҳа вакилларига эътибор қаратиши ҳам бежизга эмас. 

Бугун бу соҳада қандай ўзгаришлар кузатилмоқда? Маҳаллий, республика ва халқаро даражада қандай ишлар амалга оширилмоқда ва режалаштирилмоқда? Бу ва шу каби бир қатор масалалар юзасидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ушбу соҳа вакилларининг касб байрамлари арафасида Журналистлар ижодий уюшмасига янги сайланган раис Олимжон Ўсаров билан махсус интервью ташкил этди.

– Бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўз вазифаларини қай даражада бажара оляпти, деб ўйлайсиз?

Олимжон ЎСАРОВ: – Очиғини айтиш керак, уюшма ўз олдига қўйган мақсадларни тўлақонли бажармаяпти. Чунки ташкилот низомида қатор вазифалар қўйилган. Афсуски, ўтган йиллар давомида объектив ва субъектив сабабларга кўра, уюшма ўз олдига қўйган вазифаларни адо эта олмаган.

Тарихга назар ташласангиз, 2000 йилларда уюшмага аъзолик тўхтатилган ва ташкилот номланишида «ижодий» сўзи, тушунчаси қўшимча қилиниб, «Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси» сифатида юритила бошлади. Том маънода журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилот эмас, шунчаки ижодий ташкилот сифатида қараш бошланди. Мана шу биргина тушунчанинг киритилиши биринчидан аъзоликнинг тўхтатилишига сабаб бўлди, иккинчидан, уюшманинг олдига қўйган мақсадларини амалга оширишга қайсидир маънода тўсқинлик қилди. 

Бундан ташқари, тан олишимиз керакки, матбуотга, сўз эркинлигига бўлган тўсиқлар ҳам уюшма фаолияти чегараланишига сабаб бўлди. Биз бу каби камчиликларга мана шулар сабаб бўлган, деган фикр билан ўзимизни оқламоқчи эмасмиз. Зеро, бугунги кунда журналистлар ҳам, кенг жамоатчилик, яъни ахборотдан фойдаланувчилар ҳам уюшмадан жуда катта нарса умид қилади. Чунки мамлакатимизда очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги давлат сиёсати даражасига чиқди. Демак, бугун журналистлар ўз олдига қўйган вазифасини тўлақонли амалга ошириши учун ҳамма шароитлар яратиляпти. Ҳам ҳуқуқий жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан.

Хоҳлаймизми-йўқми, журналист турли тўсиқларга дуч келиши ёки қандайдир манфаатларига зарар етиши мумкин. Сўнгги ойларда бунинг жуда кўп гувоҳи бўляпмиз. Демак, бундай пайтда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси майдонга чиқиб, ўз олдига қўйган мақсадларидан келиб чиқиб, журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

– Уюшма олдида ҳал қилинмай келинаётган масалалар борми? Янги раҳбар бу масалаларнинг қайсиларини ижобий ечимини таъминлай олади?

– Агар ҳал қилишимиз керак бўлган вазифалар ҳақида батафсил гапирадиган бўлсак, фикримча бир кун ҳам камлик қилади. Лекин мен қисқача ифодалашга ҳаракат қиламан.

Юқорида айтганимдай, энг биринчи вазифамиз – журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш. Қандай йўллар билан ёки қандай усуллар билан амалга оширилади, деган савол кўндаланг қўйилиши табиий. Уюшмага раис этиб сайланган кунимнинг эртасигаёқ биз телеграм ижтимоий тармоғида мурожаат ботини, яъни уюшма раисига масофадан туриб тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконини берадиган электрон манзил ташкил қилдик. 

Қисқа фурсат ичида мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Ана шу мурожаатларни таҳлил этганимизда, кўриндики, уюшма олдида жуда ҳам кўп вазифалар турган экан. Айниқса, сўнгги йилларда журналистларимизнинг моддий ва маънавий ҳимояланиш масалалари ҳам эътибордан четда қолиб кетган. 

Охирги пайтларда менга «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шунча имкониятлар, имтиёзлар мавжуд. Мана бир-нечта дам олиш оромгоҳлари, сиҳатгоҳлари бор, аммо Ёзувчилар уюшмасидан аъзолари бир неча баробар кўп бўлган Журналистлар уюшмасида эса имконият ва имтиёзлар йўқ, нима учун, деган кўплаб саволлар ҳам келиб тушди. Бу саволлар бежиз эмас. Уюшма ОАВ ходимларининг ижтимоий, маънавий ҳимоясига ҳам эътибор қаратиши керак. Бу борада «Дўстлик клуби» ҳамкорларимиз билан қилинажак ишларни режалаштиряпмиз. Бундан ташқари, Журналистлар ижодий уюшмасини янада такомиллаштиришга доир ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши лозим.

Биласизми, Журналистлар ижодий уюшмасининг ҳатто ўз биноси ҳам мавжуд эмас. Алишер Навоий кўчаси 30-уйда ижарада турамиз. Ҳаттоки ходимларимизга хона етмаганидан жамоанинг бир қисмини Миллий матбуот марказига жойлаштирганмиз, масофавий ишлаймиз. Бошқа уюшмаларга борганда албатта ҳавас қиламиз, қани эди Журналистлар ижодий уюшмасига ҳам шундай бино ажратилса, деб. 

Ҳолбуки, Президентимизнинг 2017 йилги уюшма фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида Тошкент шаҳар ҳокимлигига Журналистлар ижодий уюшмаси учун алоҳида бино ажратиш масаласи кун тартибига қўйилган. Мана орадан қарийб тўрт йил вақт ўтди, қарорнинг ижроси таъминланмаяпти. 

Яна бир маълумот, Президентимиз ўша қарорда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган журналистлар учун имтиёзли кредитлар асосида уй-жойлар ажратилишини барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси Юқори Кенгеси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига вазифа қилиб юклаган.

Минг афсуски, журналистлар орасида уй-жойга муҳтожлар жуда ҳам кўп бир пайтда қарорнинг мазкур банди ижроси ҳам таъминланмаган. Биз бу борада мурожаат қилганмиз, аммо ҳали ижобий натижага эришганимиз йўқ. Яна бир оғриқли жиҳат — кадрлар масаласи. Яхши кадрларни ишга жалб қилайлик десак, маош ҳавас қилгулик эмас. Кам ойликка яхши кадр келмайди. 

Биласизми, Ўзбекистонда энг кам ойлик олувчи касб эгалари, бу — журналистлар. Бу ҳам олдимиздаги кўриб чиқишимиз керак бўлган муҳим масалалардан бири. Ўйлайманки, Уюшманинг бу муаммоларни бартараф этишида ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.

– Дарҳақиқат, бутун бир ташкилотни ўзгартириш ёлғиз раҳбарнинг қўлидан келмайди. Бунинг учун жамоа, ижод аҳлининг ёрдами керак. Сиз ҳам бугун жамоангиз ва ҳамкасбларингиздан қандай масалаларда, жабҳаларда кўмак кутасиз? Умуман олганда, қайси ишларда камарбаста бўлишини хоҳлар эдингиз ижод аҳлини?

– Мен бу ердаги 10-15 нафар ходимни эмас, балки йигирма минг нафардан зиёд Ўзбекистон журналистлари жамоасини бизга хайрихоҳ сифатида ўзларининг таклиф ва тавсиялари билан фаолиятимизни жонлантиришга ҳисса қўшади деган умиддамиз. 

Боиси соҳанинг муаммоларини энг чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган, буни теран ҳис қиладиган, бошидан ўтказаётган, юракдан ўтказган ижодкор билади. Шу сабаб юқорида айтганимдек, масофадан туриб уюшма раисига мурожаат йўллаш имкониятини берувчи телеграм бот ташкил қилдик. 

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоронинг узоқ туманларида, Навоий вилоятининг чўлли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг таклифлари, кўтараётган масалалари келиб тушмоқда. Ўйлайманки, келаётган ана шу мурожаатлардан  жиддий масалаларни биринчи навбатда ҳал этишимиз керак.

Бу бора муайян йўл харитасини тузиб олдик. Олдимизда турган дастлабки вазифалардан бири — босма нашр, телевидение, радио барча ОАВ таҳририятларини ва уларнинг моддий техник базасини яхшилашга эътиборни қаратиш. 

Сабаби, ОАВ тўғрисидаги қонунда яхши бир қоида қатъий қилиб белгиланган. Яъни муассис таҳририятнинг моддий техник базасини яхшилашга, журналистларга етарли шароитларни яратиб беришга, шу нашрнинг мунтазамлигини таъминлашга масъулдир. 

Афсуски, бугунги кунда жуда кўп муассислар ўзининг мана шу мажбуриятини унутиб қўймоқда. Шу билан бирга, вилоят нашрларининг бош муҳаррирларини ўрганганимизда, аксарияти номутахассис, яъни журналист бўлмаган одамлар экани мени ажаблантирди. Қандай қилиб журналист бўлмаган одам халққа ўқишли ахборт етказиб бериши мумкин? Мана шу жиҳатни ҳам келгусида атрофлича кўриб чиқамиз.

Буюк Британияга борганимда, у ерда Лордлар палатаси масъули: «Инглизлар янги кунини бир финжон қаҳва ва газета ўқиш билан бошламаса, ўша кунини мазмунли ҳисобламайди. Газеталар бизга уч юз йил мобайнида маънавият берди, ахборот берди. У биз учун ҳаётга айланди. Биз энди осонгина воз кечиб юбора олмаймиз», деган гапни айтган эди. 

Бизда эса одамларимизнинг газетага муносабатини ўзингиз яхши биласиз…

– Ёш авлод журналистлари соҳа майдонига кириб келмоқда. Бу майдонда «Устоз-шогирд» анъанаси йўқолиб кетмаяптими? Ёш журналистларнинг экранга интилиши ҳам матбуотнинг оқсашига сабабчи бўлмаяптимикан? Умуман, ёшларда бугун қандай камчиликларни кузатасиз?

– Журналистнинг интилишлари, орзулари бу жуда муҳим. Биз бунга тўсқинлик қила олмаймиз. Аксинча, бу орзуларни амалга ошишига шароит қилиб бериш вазифамиз. Теле-юлдуз бўлишни хоҳлайдими, теле-юлдуз бўлишига имкон беришимиз керак. Бу салбий жиҳатдан эмас, ижобий жиҳатдан қараганда мақсадга мувофиқ. Тўғри, ҳали журналист бўлиб шаклланмасдан «юлдузлик»ка даъвогарлик қилиш қайсидир маънода уларнинг фаолиятига зарар етказмайдими, деган саволни ҳам туғдиради. Бу бор нарса. Шу сабаб барча турдаги ОАВ таҳририятларида «Устоз-шогирд» анъанасини ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз.

Кўзга яққол ташланадиган яна бир муаммо, бу – жанрлар «қашшоқлиги». Журналистикада фаол қўлланиладиган йигирмадан ортиқ жанрлар бор. Аммо босма нашрларимизни кузатсангиз, иккита ёки учта жанрни биласиз: ахборот, ҳисобот ва мақола. 

Бошқа нарса йўқ. Нега фельетон, очерк, шарҳ жанрини кўпроқ қўлламаймиз? Шароф Убайдуллаев, Худойберди Тўхтабоев кучли фельетончилардан бўлган. Шундай жанрлардан фойдаланилган пайтлар газеталар миллионлаб нусхада чоп этилар эди. Одамлар газетанинг кейинги сонини интиқлик билан кутишган. Шу сабаб жанрларни жонлантириш керак деб ҳисоблайман.

– Журналистлар ижодий уюшмаси халқаро ҳамкорлик доирасида қандай ишларни амалга оширмоқда? 

– Уюшма фаолиятидаги энг асосий вазифалардан бири, бу – халқаро шартномалар доирасидаги ишлар. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан хорижий давлатларга ижодий сафарлар, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан ҳаракатлар деярли амалга оширилмади. 

Тўғри, бир-икки сафарлар ташкил қилинган. Аммо йигирма минг журналистлар армиясига эга бўлган ўзбек журналистикаси учун бу деярли денгиздан томчи. Шу боис биз фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилганмиз. Шу кунгача Россия федерацияси Журналистлар уюшмаси ва Хитой журналистлари уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумини тузганмиз. Мана шу йил сўнггига қадар имкон даражасида Тожикистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби бир нечта давлатлар журналистлар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумини тузмоқчимиз. Ушбу мамлакатларга бир гуруҳ журналистларимизни тажриба алмашиш учун, таҳририятлар шароитлари билан танишишлари учун хизмат сафарларига юборишни олдимизга мақсад қилганмиз.

Шунингдек, биз Умумжаҳон журналистлар федерациясига аъзо бўлиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат йўллаганмиз. Ўйлайманки, бу мақсадларимиз амалга ошса, журналистларимиз учун янги босқич бошланади.

Нозимжон Мардонов суҳбатлашди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.