Парламент комиссиясининг 2018 йил 1 июндаги 33-сонли Қарорига 2 -илова
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди
“Аҳолининг ижтимоий-маънавий, экологик, тиббий маданиятини оширишда, ижтимоий тадбиркорлик, туризмнинг инновацион турларини жорий этишда ННТлар фаоллигини кучайтириш”мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун танлов ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа буюртманомалари қабул қилинади:
- Давлат органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳудудларда чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлашнинг инновацион технологияларини жорий қилишни кучайтириш;
- Жойлардаги маҳаллий давлат органларига аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатламлари аёллар, ёшлар ва ногиронларнинг доимий бандлигини таъминлашга, уларни халқ ҳунармадчилиги тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш, оилавий бизнес ва тадбиркорликнинг турли шаклларига жалб қилишга кўмаклашиш;
- Соғлиқни сақлаш муассасалари билан ижтимоий шерикликда юқумли касалликлар профилактикаси тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш;
- Ёшларнинг тиббий-экологик ва ижтимоий-маънавий маданиятини юксалтиришда ННТ ва ОАВ ўртасида ҳамкорликни кучайтириш;
- “Маънавият оиладан бошланади” шиори остида хотин-қизлар саломатлигини яхшилашга қаратилган оилавий қадриятларни, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;
- Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ОАВ ролини кучайтириш;
- Ота-она қаровисиз қолган, шунингдек, имконияти чекланган болалар муаммолари бўйича ижтимоий реклама, махсус телекўрсатув, радиоэшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш, эфирга узатиш, чоп этиш;
- Аҳоли, авваламбор, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, улар ўртасида маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, мустақил фикрлашни шакллантиришга кўмаклашиш;
- Давлат органлари билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга, сифатли коммунал хизматлар кўрсатишга, аҳолини маиший яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;
- Чиқиндиларга иккиламчи ишлов бериш жараёнини янада кенгайтириш, ижтимоий инфратузилма объектларида замонавий инновацион энергия ва сув тежаш технологияларини қўллашга кўмаклашиш;
- Жамиятнинг маънавий асосларини янада ривожлантиришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиш, азалий миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда юксак маънавият ва соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш;
- Оилада тиббий маданиятни шакллантириш ва ошириш, тўғри овқатланиш, камқонлик ва гигиена соҳасида қизларнинг тиббий маданиятини юксалтириш;
- Ёш авлодни маънавий тарбиялаш даражасини ошириш, ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва зарарли таъсирдан ҳимоя қилиш;
- Ёш авлодни тарбиялаш жараёнида таълим муассасаларининг оила ва маҳалла институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, уларда эстетик дид, ўзбек халқининг миллий, тарихий ва маданий меросини, бой тарихини, мустақил Ўзбекистоннинг замонавий ютуқларини ҳурмат қилишни шакллантириш;
- Туризмнинг тарихий-илмий, экологик, фаол, гастрономик ва бошқа турларини хорижий аудитория ўртасида оммалаштириш орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик ҳамда маданий-тарихий жозибадорлигини кучайтириш.
Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
- Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
- www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
- Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
- Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
- Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.
- Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг илтимосномалари, тавсия хатлари илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 30 миллион сўмгача.
Ҳужжатлар 2018 йил 7 июндан 13 июлгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига “Ўзбекистон почтаси” орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100163, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-64.