Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташкил топганига 70 йил тўлди

0
1650
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти жамоасига кархона ташкил топганлигининг қутлуғ 70 йиллик санаси муносабати билан  табрик йўллади.
 
– Комбинат тарихи республикамизда рангли, нодир ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ҳамда уларни қайта ишлашга қаратилган мутлақо янги тармоқнинг яратилиши ҳамда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий Олмалиқ шаҳрининг пайдо бўлиши билан бевосита боғлиқдир. Бу тарих замирида шонли анъаналарни муносиб давом эттираётган, бутун билим ва тажрибаси, маҳорати, қалб қўрини ўз ишига бахшида этиб, фидокорона меҳнат қилаётган минг-минглаб одамларнинг жуда катта машаққатли хизматлари мужассам. – дейилади табрикномада.
 
Ушбу комбинат мамлакатимизда рангли металлургия саноатининг етакчиси бўлиб, унда 35 минглик жамоа меҳнат қилмоқда.

Ўтган йили қабул қилинган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор корхона фаолияти учун катта имкониятлар яратиб бермоқда.

Ҳозирги вақтда мажмуа томонидан Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги қимматбаҳо ва рангли металлар энг илғор технологиялар асосида, етакчи хорижий компаниялар ҳамкорлигида жадал ўзлаштирилмоқда, харидоргир маҳсулотлар ҳажми оширилиб, уларнинг 70 фоиздан ортиғи экспорт қилинмоқда.

Жаҳон бозоридаги кескин рақобат шароитида ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида комбинатнинг узоқ муддатли модернизация дастури ишлаб чиқилди.

Айни пайтда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида барпо этилган Ангрен қувур заводи, Жиззах вилоятида цемент заводи фойдаланишга топширилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида энг йирик – бир йилда 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлган мис бойитиш фабрикаси ва бошқа замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг қурилиши бошланди.

Энг муҳими, олиб борилаётган жадал ва тизимли бунёдкорлик ишлари натижасида маҳаллий аҳоли учун минглаб қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.

Яқин йилларда комбинатни модернизация қилиш дастури доирасида 2023 йилга келиб ишлаб чиқариш ҳажмининг 2,5 баробарга ўсишини таъминловчи тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда.

Олмалиқда фаолият юритаётган Тошкент давлат техника университетининг филиали, шунингдек, ўтган йили ташкил этилган Россия Федерациясининг Миллий технологик тадқиқотлар университети Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлашга қодир бўлган замонавий ва етук мутахассисларни тайёрлашга муносиб хизмат қилмоқда.

Корхонанинг  ишчи-ходимлар учун муносиб ҳаёт ва меҳнат шароитлари яратиб берилмоқда.

Бугун бу ерда замонавий уйлар, маданият ва спорт масканлари, равон кўчалар, кўркам ва файзли гўшалар, бир сўз билан айтганда, зарур инфратузилмалар бунёд этилмоқда. Бу беқиёс рағбат ва эътиборнинг яққол мисолини – йилдан-йилга ривожланиб, хорижий меҳмонлар ва инвесторлар учун жозибадор бўлиб бораётган Олмалиқ шаҳрининг обод ва фаровон қиёфасида ҳам кўриш мумкин.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.