Дунёда она қувончидан буюк туйғу бўлмаса керак. Кўзмўнчоқларимизнинг кичкина ютуқи ҳам бизни юксакларга ундайди. Зеро, улар оиламизнинг бахти бўлиш билан бирга иқтидорли бола юрт кўрки ҳамдир. Шунинг учун қувончимни улашгим келди. Барчамизнинг боламиз юртга суянч, таянч бўлиб улғайсин.
Ўғлим Урганч шаҳридаги 3-сон мактабда таълим олади. Шу билан бирга Урганч шаҳридаги Нихол инновацион мактабига қатнаб ментальный арифметикадан сабоқ олмоқда.
Ушбу мактабнинг 12 нафар ўқувчиси таътил бошланган кезларда Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада қатнашиб келди. Улар сафида ўғлим Равшанбек Қадамбоев ҳам бориб, ғолиблик кубогини қўлга киритди.
Нихол инновацион мактаби директори Умида Собированинг таъкидлашича, ментальный арифметикага бағишланган фан олимпиадасида 16 мамлакатдан ўқувчилар қатнашган. У ерга борган кичкинтой юртдошларимизнинг бари билими юқорилигини, буюк аллома Хоразмий издошлари эканлигини намоён этишган. Ўн ўқувчи олимпиада ғолиби бўлишга эришган.
Ушбу фан олимпиадасининг аҳамияти беқиёс. Болаларимиз ўз билимларини жаҳон майдонида сийнаб кўришди. Уларнинг фанга бўлган меҳри ва ўзига бўлган ишончи янада кучайди. Шу билан бирга дунё кўришди, муносиб ҳордиқ ҳам олиб тарихий жойларни зиёрат қилишди.
Наргиза Бекчанова