Она табиатга, миллий қадриятларга меҳр байрами

0
405
марта кўрилган.

Баҳор – яшариш ва янгиланиш палласи, боқий қадриятлар айёмидир. Баҳор байрами томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналар, турли маросимлар намойиш этилади. Шу тариқа миллий меросимиз авлодлар қалбига сингиб боради.

Байрам тантаналарининг болалар ҳаётида тутган ўрни ҳам бениҳоя катта. Киши руҳиятига янгиланиш, тозариш, яратувчилик сифатларини бахш этади баҳор. Оила, қон-қариндошлар жамланиб, дастурхонга кўклам таомлари тортилиб, бирдамликда, бир-бирларига меҳр улашиш ҳам шу фаслга хосдир. Бу эса бола хотирасига оила муқаддаслиги, оға-ини, опа-сингилнинг бир-бирига меҳр улашиши каби қадриятларини бир умрга сингдириши билан ҳам қадрлидир.

Яқинда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги математика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 205-мактабда ўтказилган “Меҳр байрами” барчага ана шундай байрам руҳини бахш этди. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Бешта ташаббус”га бағишланган мазкур тадбир ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда ўтди.

Миллий мадҳиямиз садолари янгради. Дастлаб байрам мезбони, 2-В синф раҳбари Нигматова Наргиза Анвар қизи меҳмонлар, устоз муаллимлар ва ота-оналарни  баҳор байрами билан табриклади. Сўнгра бир-биридан кўркам, баҳорий либослари ўзига ярашган ўғил-қизлар баҳор гуллари билан безатилган саҳнада оналар, сумалак ва кўк чучваранинг фойдали жиҳатлари, уни тайёрлаш, далаларга экин экилишини мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари билан атрофга баҳорий кайфият улашдилар.

Айниқса сумалак таомининг пайдо бўлиши ҳақидаги афсонавий ҳамда  қишги уйқудан уйғонган айиқ, бўри, тулки, қуён каби турли ҳайвонларга деҳқон бобонинг ризқ улашиш саҳна кўриниши орқали болажонлар ўз иқтидорини намойиш этдилар. Шунингдек, “Бойчечагим”, “Дўппи”, “Қилпиллама”, “Чипрадалли”, “Лазги”, замонавий Майкл Жексон қўшиқ ва рақслари  барчага завқ  бағишлади.

Тадбир сўнггида 205-мактаб директори Раҳимова Наргиза Хушвақ қизи ҳар бир ўғил-қизнинг иқтидори ота-оналар ва устоз муаллимларнинг уларга бўлган эътибори орқали намоён бўлиши ҳақида гапирди. Бугунги байрам тадбири болажонлар қалбида Ватанимизга, ота-онасига, устозларига, умуман инсонларга, табиатга бўлган меҳри, муносабатини шакллантиришда беқиёс эканлигини такидлади.

Дарҳақиқат, келажакда фарзандларимизнинг Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган мустаҳкам билим эгаси бўлиб вояга етишида бундай миллий байрамларимизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Бу ажойиб тадбир М.Улуғбек туман хокимияти, “Маънавият ва маърифат” бўлими ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар қалбига миллий анъаналаримиз шукуҳини  жо этгани билан эсда қоладиган бўлди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.