Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар” мавзусида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Республикадаги энг катта иш берувчи давлат ташкилоти Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади, – деди вазир Шерзод Шерматов. – Мактабларни билимли ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, педагог кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш асосий вазифамиздир. Ҳозир тизимдаги ўқитувчиларнинг 62 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Бироқ соҳадаги ислоҳотлар ва жамиятда ўқитувчи мақомининг кўтарилиши натижасида 37 минг нафар олий маълумотли ўқитувчи мактабларга қайтиб келди”.
Вазир ОАВ вакиллари саволларига жавоб берар экан, мамлакат ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларидаги аҳвол ҳамон ачинарли эканини таъкидлади.
“Ўзбекистондаги мактабларнинг тўртдан бирида сув йўқ, – деди Шерзод Шерматов. – Мингдан зиёд мактаб ҳамон “буржуйка” печ орқали иситилади. Чегара ҳудудларда жойлашган мактабларда хавфсизлик ноль даражада. Биз ҳали робототехника ёки космосга учиш ҳақида гапирмай қўя қолайлик, аввал мактаблардаги тоза сув ва иситиш муаммосини ҳал этиб олайлик”.
Таълим муассасаларидаги мавжуд камчиликлар, ўқитиш тизимида йўл қўйилаётган нуқсонларнинг олдини олиш, ўқувчилардан асоссиз пул йиғишларни тўхтатиш мақсадида мактабларда Кузатув кенгашлари тузилаётгани маълум қилинди. Кенгаш таркиби асосан ота-оналардан иборат бўлиб, улар директор фаолиятини назорат қилади. Бу лойиҳага Англиядаги School Board тажрибаси илҳом бергани қайд этилди.
Халқ таълими вазири мўътабар касб эгаларининг нуфузи ҳақида гапирар экан, ўқитувчи сиймосида замон қаҳрамони образини яратиш таклифи бир неча йилдан бери эътиборсиз қолаётганини айтди.
“Мана, яқинда Кениядаги оддий қишлоқ муаллими Дунёнинг энг яхши ўқитувчиси соврини (“Global Teacher Prize”) ва бир миллион доллар мукофот пулини қўлга киритди, – деди Шерзод Шерматов. – Бизнинг юртимизда ҳам ана шундай фидойи, виждонли ўқитувчилар бор. Уларни излаб топишимиз, юзага чиқаришимиз керак. Бунда ОАВнинг роли катта. Ҳурматли журналистлар, мактабга бор меҳрини берган ва касбини ҳаётининг мазмуни деб биладиган ўқитувчиларни топишда бизга ёрдам беринг”.
Вазир соҳага эътибор хусусида гапириб, давлат раҳбарининг энг биринчи қарори ҳам ўқитувчининг мақомини оширишга қаратилганини эътироф этди.
“Вақти келиб, жамиятда ўқитувчининг мавқеи бундан ҳам юксалади, – деди Халқ таълими вазири. – Президентимиз ҳар бир видеоселекторда ўқитувчилар ҳақида албатта гапириб ўтади, “Уларнинг ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз”, дея кўп айтади. Насиб қилса, албатта шу даражага борамиз”.
Матбуот анжуманида Шерзод Шерматов Президент мактабларига қабул жараёни ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Президент мактабларига ўқувчилар фақат билимига қараб қабул қилинади. Ҳеч қандай таниш-билишчилик, пул, илтимосларга асло йўл қўйилмайди, – деди вазир. – Президентимиз мактабга қабул жараёнини баҳолаш учун энг юқори тажрибага эга хорижий мутахассисларни олиб келиш талабини қўйди. Шунинг учун биз бир қанча давлатларда мавжуд амалиётни ўргандик, таҳлилларимиздан сўнг Cambridge университетининг Cambridge Assessment компаниясини танлаб олдик. Бу тест ўтказиш билан шуғулланувчи дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ўқувчи-номзодларни Президент мактабларига қабул қилишни Cambridge Assessment тўлиқ назорат қилади. Мақсад – ҳалол рақобат асосида иқтидорли, илмга чанқоқ ёшларни танлаб олиш”.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати