Давлатимиз раҳбари 2017 йилда Чилонзор туманига ташрифи чоғида «Ориент керамик» корхонаси лойиҳасини маъқуллаган эди.
Шундан сўнг фойдаланилмаётган ерда замонавий бино қурилиб, хориждан керамика маҳсулотлари ва кафель ишлаб чиқарадиган ускуналар келтириб ўрнатилди. Корхона жорий йил июль ойида иш бошлади. Унинг умумий қиймати қарийб 14 миллион доллар бўлиб, йилига 3,6 миллион квадрат метр керамик маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Президент Шавкат Мирзиёев корхонанинг иш жараёни билан танишиб, маҳсулот турларини кўздан кечирди.
Маҳсулотлар деярли юз фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланмоқда. Шу боис, хорижникидан бир неча баробар арзон нархларда ички бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 30 фоизи Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга сотилмоқда. Биргина июль-август ойларида 500 минг долларлик экспорт қилинган. Айни пайтда бу ерда 270 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.
«Ориент керамик» масъулияти чекланган жамият томонидан 2020-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, ҳозирда юртимизга импорт қилинаётган катта ўлчамдаги керамогранит кафеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Яна 700 та иш ўрни яратилади.