Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган ўсмирлар ўртасида юнон-рум кураши бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
“Локомотив” спорт клуби залида ”Спорт соғломлик, куч-қудрат, унга меҳрли ва ҳамнафас бўл” шиори остида ўтказилаётган мусобақада 2009 – 2011 йилларда туғилган ўспиринлар қатнашди. Беллашувларда 15 хил вазн тоифасида ёш спортчилар баҳслашди.
Соғлом турмуш тарзига даъват этиш, спортга меҳр уйғотиш мақсади кўзланган беллашувдан яна бир муддао – юрт байроғини жаҳон спорт майдонларида юқори кўтарадиган полвонларни тайёрлашдан иборат.
– Сизлар келажакда дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ёрқин саҳифа очишингизга ва сизларнинг шарафингизга Ўзбекистон мадҳиялари янграшига ишонаман. Бунинг учун меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат қилишингиз, маҳоратингизни юксалтириш учун кучли ирода ва фидойилик кўрсатишингиз лозим. Шундагина ўзбек спорти тарихида улуғвор излар қолдирасиз, – деб ёш спортчиларни руҳлантирди Локомотив спорт клубининг бош тренери, мусобақа бош ҳаками Игорь Нешин.
Ҳар бир дақиқада спорт мураббийлари ёш спортчиларни қўллаб қувватлаб туришди. Тошкент шаҳар ўсмирлар ўртасида юнон — рим кураши бўйича бош мураббий Рустам Шайдулин уларга шундай ўгит берди:– Саломатлигизни мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигизни ошириш мақсадида ўтказилаётган беллашувларимиз беиз кетмайди. Келажакда сизлар жаҳон ареналарида шиддатли ва чиройли жангларни тақдим қиласиз, дея умид қиламиз.
“Пахтакор” спорт клуби юнон-рим кураши бўйича мураббий, спорт устаси Зиёдила ва Хайрулла Абдуллаевлар эса ўз шогирдларини қўллаб қувватлаб шундай дейишди: – Сиз ўзингизнинг ҳалол меҳнатингиз, ақл-заковат, қатъият ва иродангиз билан спорт майдонларида ўз ўрнингиз бўлишига эришишингиз керак. Чунки, томирларингизда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турибди. Сиз Янги Ўзбекистон фарзандларисиз.
Дарҳақиқат, мураббийлар айтганидек, азму шижоатли, ватанпарвар ўсмирларимиз энг катта бойлигимиз, мамлакатимиз Президентининг сўзлари билан айтганда, миллатимизнинг “олтин фонди” бўлади, дея ишонч билдириб қоламиз.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ