Озар диёрига  ижодий ташриф

0
18
марта кўрилган.

Жорий йилнинг 13–17 октябрь кунлари  “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари масъул котиби шоира, таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Дилором Абдураҳмон қизи Озарбайжонда ижодий  сафарда бўлиб қайтди.

Сафар давомида Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси, Озарбайжон Миллий фанлар академияси, Насимий номидаги Тилшунослик университети,  Президент кутубхонаси, Ширвоншоҳлар саройи, Митти китоблар музейи ҳамда Боку шаҳридан ташқарида Мир Мавсум оға зиёратгоҳи каби қатор қадамжоларга борилди.  

Баку шаҳрининг Расулзода ҳокимлиги биносида кенгаш раиси Ҳумбат Ҳусейнов жаноблари бошчилигида ўзбекистонлик таржимон, шоира Дилором Абдураҳмон қизи ҳамда  қатор зиёли ижодкорлар иштирокида истеъдодли озар ёзувчиси Сўна Аббосали қизи қаламига мансуб “Сўз хоқони” номли тарихий романнинг  ўзбек тилида таржима китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ўзбек-озар ижодий ҳамдўстлик алоқалари ва унинг муҳим аҳамияти ҳақида тўхтаб, ижод руҳни озиқлантиради, ижодкор руҳи бунёд этган  ижод маҳсули каби бунёдкорлик ишлари инсонга ҳаётнинг хушхабаридир, дея таъриф этдилар.  Шунингдек, истеъдодли адиба Сўна Аббосали қизи ижодида ҳаёт бизга бир қанча хушхабарларни тақдим этмоқда. Ушбу ўзбек тилига таржима қилинган китоб ҳам ўзгача ажойиб хушхабардир, дея билдирилган  фикрлар  самимий эътироф бўлиб янгради.  

Тадбирни олиб борган  Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси Жанубий Озарбайжон бўлими раҳбари, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, шоир, ёзувчи Сайман Аруз таржимон Дилором Абдураҳмон қизини Озарбайжон Миллий фанлар академияси, Насимий номли Тилшунослик университети фахрий профессори, ҳамда “Qızıl qələm” мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлгани билан табриклади. Шунингдек,  ўзбек тилига таржима қилинган “Сўз хоқони”  китоби Президент кутубхонасига совға қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан бошқа тадбир иштирокчилари –  Расулзода  ҳокимлиги раиси Ҳумбат Ҳусейнов, Танриверди Пошо, Фахреддин Ҳожиев, Али Валиев, Вугар Абдуев, Илтифоқ Аббосов, Имдад Казимов, Неҳир Оқпўлад ва бошқалар ижодкорлар ижоди ҳақида қизиқарли фикрларга тўхталиб, Сўна хонимнинг ушбу тарихий  романи учун Туркия давлатида олган мукофоти, қатор хорижий давлатларда эришган эътирофи ва эътибори ҳақида ҳам сўз юритилди.

gujum.uz сайти таҳририяти Дилором Абдураҳмон қизини Озарбайжон Миллий фанлар академияси, Насимий номидаги Тилшунослик университети фахрий профессори, ҳамда “Qızıl qələm” мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлгани билан табриклайди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.