Ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати: ютуқ ва муаммолар

0
190
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати: ютуқ ва муаммолар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Профессионал футбол лигаси бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаевнинг айтишича, болалар футболидаги энг катта муаммо – ёшни кичрайтириш билан боғлиқ: «Биз бунга қарши ҳуқуқ тартибот идоралари билан биргаликда кураш олиб боришни режалаштиряпмиз. Болалар футболини ривожлантириш учун Испания ва Сербиядан мутахассислар келди. Биз яна бошқа футбол мактаблари тажрибасини ҳам ўргандик. Ҳозир Европада Германия, Осиёда Япония мактаби энг самарали концепцияга эга дея баҳолаш мумкин».

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда мураббий шогирдининг ёшини кичрайтириб, бирор мусобақада ғолиб чиқишдан манфаатдор. Футболчининг профессионал футболда қай даражада ўйнаб кетиши эса иккинчи даражали масалага айланиб қолган. Агар ФИФА тизими йўлга қўйилса, мураббий шогирдини ёшини кичрайтиришдан эмас, балки уни профессионал футболчи қилиб тарбиялашдан кўпроқ манфаатдор бўлади.

Тадбирда “Локомотив” клубига маслаҳатчи сифатида ишга олинган Самвел Бабаян ҳақида саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Самвел Бабаян футболдан четлатилган вақтда унинг фаолияти ҳақида 10 мингдан ортиқ шикоят  аризаси тушган ва унга кўплаб айблар қўйилган эди, – деди ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев. – Аммо ўша айблар ўз тасдиғини топмади. Агарда кимдир унинг айби борасида аниқ факт билан келса, унга қарши ҳозир ҳам иш очилаверади».

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани март ойи ўрталарида бўлиб ўтиши айтилди. Терма жамоамизнинг 18-25 март кунлари Хитойда ўтказиладиган «China Cup» мусобақасидаги иштирокидан аввал ташкил этиладиган анжуманда таркиблар ҳам эълон қилинади.

Маълум қилинишича, футбол клубларига берилаётган бюджет маблағлари ЎФА ва ПФЛ томонидан мақсадли сарфланиши юзасидан назоратга олинади, молиявий «fair play» жорий этилади. Футболчиларни сотиш, чипталар, ҳомийлар ва бошқа маблағларни қандай тасарруф этиш клубларнинг ўзларига ҳавола этилади. Мақсад – клубларда ўзларига зарур пулларни ўзлари ишлаб топиш кўникмасини шакллантириш.

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Футболни ривожлантириш департаменти директори Ўнгар Жалимов болалар футболида тарбияланувчилар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн базасини яратиш истиқболи ҳақида фикр билдираркан, мазкур йўналишдаги амалий малакаларни қўшни давлатлар – Тожикистон ва Қирғизистондан ўрганишга чақирди.

«Тожикистонда ва Қирғизистонда ёш футболчиларнинг онлайн базаси бор, – деди Ўнгар Жалимов. – Биз бу тизимни ўзимизга олиб келишимиз керак. Ҳозир биз болаларнинг “паспорти” билан иш юритамиз. Бу жуда оғир. Биз одатда тажриба ўрганиш учун узоқдаги мамлакатларни танлаймиз. Аммо ҳозир ён қўшниларимиздан ўрганадиган нарсалар ҳам бор. Қўшни давлатлар федерациялари билан ҳамкорлик борасида меморандум имзолаганмиз. Келгусида мутахассисларимизни Қирғизистон ва Тожикистонга юборамиз».

Журналистларнинг Суперлига 1-туридан ўрин олган «Пахтакор» – «Локомотив» учрашувининг нега қолдирилгани ҳақидаги саволига Диёр Имомхўжаев ҳар икки жамоанинг илтимосига кўра шундай қарорга келинганини билдирди.

Манбаа:Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.