Ўзбек спорти юлдузлари 30-меҳрибонлик уйига ташриф буюришди

0
184
марта кўрилган.
Бугун, 15 март куни пойтахтимиздаги 30-меҳрибонлик уйида «Наврўз сайли» тадбири ташкил этилди. 
 Ушбу тадбир Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг фаол талабалари ташаббуси билан ташкил қилинди. Унга Миллий олимпия қўмитаси вакиллари ва бир қатор спортимиз юлдузлари ҳам ташриф буюришди. Жумладан, бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Шаҳобиддин Зоиров, Олимпия ўйинлари кумуш медал соҳиби Бектемир Мелиқўзиев, жаҳон чемпионати совриндорлари Санжар Турсунов ва Баҳодир Жалолов, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев, стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Саида Маҳмудова ва футбол бўйича Осиё чемпионлигини қўлга киритган Рустам Ашурматов, Исломжон Қобилов ва Акром Комиловлар ушбу тадбирда қатнашдилар.

 Умуман, МОҚ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сўнгги пайтларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун мунтазам равишда мана шундай тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Бундан бир неча ҳафта аввал шунга ўхшаш тадбирлар пойтахтимиздаги 100-жисмоний имконияти чекланган болалар мактаб интернатида ҳамда кўзи ожизлар мактабида ўтказилган эди. Бугун эса спортимиз юлдузлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда 30-меҳрибонлик уйига ташриф буюришди. Тадбир давомида ёш болажонларга институт талабалари иштирокида кўразмали чиқишлар, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Куй-қўшиқлар байрамга ўзгача кайфият улашди. 

Тантанали тадбирда 30-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўзбек спортининг ёрқин юлдузлари қўлидан Миллий олимпия қўмитасининг эсдалик совғалари ва спорт анжомларини қабул қилиб олишди. Бундай эътибор ва қизиқарли тадбирдан кўнгли яримта болажонларнинг кайфияти жуда кўтарилди. Улар ҳаяжонларини яшира олмадилар. Тадбир якунида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўзбек спорти юлдузлари билан эсдалик учун суратга тушиш ва улардан дастхат олиш имконига эга бўлишди.

Миллий олимпия қўмитаси ишлаб чиқилган режага асосан махсус мактаб-интернатлар, кўзи ожизлар мактаблари, меҳрибонлик, қариялар ва мурувват уйларида яна кўплаб тадбирлар ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

«Бугунги тадбирда иштирок этиб, очиғи бир олам таассурот олдим. Болажонлар билан учрашув спортдаги фаолиятимизда янада кўпроқ меҳнат қилиб, юртимиз байроғини бундан-да юқориларга кўтаришга чорлади. Бу ердаги болаларни кўриб жуда хурсанд бўлдик. Шунга амин бўлдикки, улар бу ерда ёлғиз эмас. Уларни орқасида энг аввало давлатимиз раҳбари, биз спортчилар ва Миллий олимпия қўмитаси Президенти турибди. Улар учун жуда хурсандмиз. 

Ўзбек спортида каттагина ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги раҳбарият бундай тадбирларга алоҳида эътибор билан қарамоқда. Меҳрибонлик уйи, махсус мактаб интернатларида ташкил этилаётган бундай тадбирлар кўнгли яримта болажонлар учун катта ёрдам бўлади. Уларнинг кайфиятини кўтаради.  Шунинг учун, бундай акцияларни яна кўп маротаба уюштиришимиз керак деб ўйлайман», — деди тадбир иштирокчиларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, Осиё ўйинлари ғолиби, таэквондочи Жасур Бойқўзиев. 
 
 Шунингдек, яқинда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган футболчи Рустам Ашурматов ҳам бундай тадбирда иштирок этаётганидан хурсанд эканлигини билдирди: «Бугунги кунда бу каби тадбирлар кўп ташкил этилмоқда. МОҚ ва ЎФА ҳамкорликда бундай хайрли ишларга жиддий эътибор қаратган. Ёшларни, спортга энди қадам қўяётган болакайларни қўллаб-қувватлаш натижасида, улар спортимиз юлдузларига интилиб, келажакда ўз касбининг моҳир усталари бўлиб етишишлари учун бундай воқеликлар катта туртки бўлади деб ҳисоблайман. Олдинда бизни кўплаб мусобақалар кутиб турибди. Уларда биздан фақат ва фақат ғалабаларни кутишади. Буни биз ҳам ҳис қилиб турибмиз. Хусусан, Осиё ўйинларида ҳам олдимизга максимум вазифа қўйилган».
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.