Пойтахтимизда ўзбек енгил атлетикаси тарихида илк бор «Наврўз» халқаро ярим марафони ташкил қилинди. Унда 28 мамлакатдан 1700 нафарга яқин атлет ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Беллашув 2 хил масофада ташкил қилинди. Даставвал, 21 километр масофага югурувчилар стартга чиқишди. Ўн дақиқа ўтгач 5 километр масофага югуришни ихтиёр этганлар баҳсларни бошлашди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Осиё енгил атлетика федерацияси раҳбари Дахлан Ал Ҳамад қатнашиб, у ўз табригида марафон соғлом турмуш тарзига ўргатиш билан бирга спортнинг ушбу тури янада юксалаётганидан далолат эканини таъкидлади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Жасур Матчанов барчани наврўзи айём билан табриклаб, марафон иштирокчиларига омадлар тилади.
Халқаро мусобақа мақомида илк бор ўтказилаётган мазкур йирик спорт тадбирига қизиқиш катта бўлди. Унга юртимиздан ва кўплаб бошқа мамлакатлардан 2500 га яқин спортчилар ташриф буюрди.
Марафонда ҳаваскорлар қаторида номдор спортчилар ҳам ўз омадини синаб кўришди. Жумладан, улар орасида таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, бокс бўйича Осиё ўйинлари чемпиони ва айни пайтда профессионал боксда ёрқин жанглар олиб бораётган Исроил Мадримов каби спортчилар ҳам бор.
Эркаклар ўртасидаги беллашувда 21 кмлик марра чизиғини биринчи бўлиб хитойлик спортчи Ли Янг кесиб ўтди. Қирғизистонлик Адилет Киштамбеков ва ҳамюртимиз Андрей Петров иккинчи ва учинчи ўринни эгаллашди.
Аёллар ўртасида эса қирғизистонлик Дарья Маслова биринчи мукофотни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз Ситора Ҳамидова ҳамда Екатерина Тунгускова мос равишда иккинчи ва учинчи бўлиб финишга етиб келишди.
Эркаклар ўртасидаги 5 кмлик баҳсда Отабек Тошқувватов марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтди. Қизлар ўртасида эса Азизахон Мирзаакбаровага тенг келадигани топилмади.
Меҳмонлар ва иштирокчиларга “Наврўз” шукуҳини улашиш мақсадида сайл ҳам уюштирилди.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ