Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 февраль куни “Ўзбекистон – 2035” иккинчи халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Мазкур форум Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг муҳим иқтисодий ва сиёсий йўналишларини муҳокама этишга бағишланган бўлиб, унда депутатлар, вазирлик ва идоралар, илмий-таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзолари қатнашмоқда.
Форумнинг илк ялпи мажлисида Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси концепцияси лойиҳасининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
– Стратегия лойиҳаси 2020-2025, 2030, 2035 йилларга мўлжалланган учта босқичда амалга оширилиши белгиланган, – дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори, «Рикор” (Россия) технопарки бош директори Ҳабиб Абдуллаев. – Биринчи босқич стратегик ривожланиш мақсадлари учун фаол инвестициялар, яъни иқтисодий ривожланишга кучли туртки бўла оладиган инвестицияларни жалб қилишни ўз ичига олган. Иккинчи босқичда мамлакатнинг иқтисодий ва технологик салоҳияти рўёбга чиқарилади. Сўнгги босқичда етук бозор иқтисодиётига ўтилади. Бу пайтга келиб Ўзбекистонни жаҳондаги иқтисодиёти ривожланган 50 та етакчи мамлакат қаторига киритишга эришилади.