2019 йилги Жаҳон мусулмон сайёҳлари рейтингида, Ўзбекистон ИҲТга аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган энг жозибадор ўнта мамлакат қаторидан ўрин олди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Бу ҳақда Сингапурнинг CrescentRating халқаро рейтинг агентлиги ва Mastercard ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Global Muslim Travel Index 2019 ҳисоботида қайд этилди. Ушбу ўнталикка, шунингдек, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, БАА ва Индонезия каби мусулмон мамлакатлар кирган.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий мамлакат фуқаролари учун виза тартибини либераллаштириш ва қатор мамлакатларга визасиз режимнинг жорий қилиниши Ўзбекисоннинг жаҳон туризм бозорида жозибадорлигини янада орттирди.
Global Muslim Travel Index 2019 рейтингини тузишда мамлакатларнинг иқлими, хавфсизлиги, иқтисодиёти, транспорт инфраструктураси ва кўрсатиладиган хизматлар каби омиллар ҳисобга олинган.
Юқоридаги омилларни инобатга олиб, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, жумладан, янги йўналишларда авиақатновлар сонини ошириш, транспорт ва туризм хизматлари нархларини мўтадиллаштириш, мусулмон меҳмондўстлиги талабларига жавоб берадиган меҳмонхоналар ва туризм хизматларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги Global Muslim Travel Index рейтингидаги ўрнини янада кўтариш ва мамлакатимизга ташриф қилаётган сайёҳлар оқимини янада оширишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда зиёрат сайёҳлиги туризмнинг истиқболли турлари қаторига киритилган.