Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида институтнинг ноёб илмий объекти – “Марказий гербарий”ни миллий аҳамиятга эга гербарий деб тан олиш ва унга “Ўзбекистон миллий гербарийси” номини бериш лозимлиги белгилаб қўйилди. Бу бежиз эмас, албатта.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника институти Миллий гербарий Ноёб илмий Марказида сақланаётган гербарий намуналари орасида бир асрга тенгдош ўсимликлар борки, улар табиатдаги асл ҳолатида яъни гулининг ранги, унинг шакли, барглари, илдизлари оппоқ варақларга мангу муҳрланган.
Биология фанлари номзоди Марҳамат Матвафаева билан бўлган суҳбатимиз ана шу наботат олами мўъжизалари мавзусида кечди.
– Марҳамат опа, аввало, гербарий тўплашнинг мақсадлари нималардан иборат?
– Гербарий махсус усуллар билан йиғиб, қуритилган ўсимлик коллекцияси бўлиб. улардан кенг маънода илмий мақсадларда, ҳозирги замоннинг энг муҳим муаммоларидан ҳисобланган, экология ҳамда табиат муҳофазаси билан боғлиқ масалаларни бартараф этишда, табиий ўсимлик хомашёларидан оқилона фойдаланиш ва “Қизил китоб”га киритилган муҳофазага муҳтож ўсимлик турларини назорат қилишда фойдаланиш мумкин. Олтин варақлардаги ёрлиқларга ўсимликнинг илмий ва маҳаллий номлари, экологияси ўсган жойи, йили, ойи, куни, гербарий рақами, ким томондан йиғилган, ким томондан аниқланган барчаси аниқ ёзилади. Кўриб турганингиздек, бир асрга тенгдош гербарий нусхалари асл ҳолатидагидек сақланган.
– Ботаника институтига қарашли ушбу объектда қанча турдаги гербарийлар сақланмоқда?
– Дарҳақиқат, бу ноёб илмий объектда бир ярим миллионга яқин гербарий намуналари мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Миллий гербарийси Халқаро гербарийлар каталогига киритилган ноёб объект ҳисобланади. 1993 йил декабрда Санкт-Петербургда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган гербарийларга бағишланган биринчи халқаро конференцияда айнан бизнинг Миллий гербарий Жаҳон аҳамиятига эга бўлган гербарий, деб эълон қилинган. Марказий Осиёда биринчи, Осиёда Хитой, Япония, Кореядан кейинги ва МДҲ мамлакатлари орасида эса Санкт-Петербургдаги гербарийлар тўпламидан кейин иккинчи ўринда турадиган мамлакатимизнинг бебаҳо бойлиги саналади.
– Ҳали ўрганилмаган гербарий намуналари ҳам борми?
Албатта! Миллиондан зиёдроқ гербарий намуналари ноёб илмий объектнинг махсус шкафларида ўзининг илмий ечимини кутмоқда. Ушбу гербарийлар таксонларга ажратилиб, турлари аниқлангандан кейин, эҳтиётлаб тикилиб, ёрлиқлари (этикеткалари) ёзилиб тайёрлангач улар ўзининг махсус рақамланган шкафлардаги жойларига қўйилади. Ноёб объектдаги гербарийлар сони қатъий тартиб асосида ортиб бораверади. Яна шундай гербарийлар намуналари бор-ки, бу турлар табиатдан буткул йўқолиб кетган, фақатгина уларнинг гербарий намунаси (нусхаси) сақланиб қолган. Йўқолиш арафасида турган камёб ўсимлик турлари ҳам бор, уларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.
Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Украина мамлакатларидан, ҳаттоки, Шимолий Африка (Саҳрои Кабирдан)дан йиғиб келтирилган гербарийлар мавжуд. Бу ўсимликлар турлари юксак тоғ чўққиллари Помир, Олой, Тиян-Шань тоғлари, Угам-Чотқол тоғлари, Туркистон тоғ тизмалари, Бойсун, Шоҳимардон тоғларидан тортиб, Қизилқумнинг қолдиқ тоғларигача Нурота, Писталитоғ, Қулкужтоғ, Букантоғ ёки сарҳадсиз қумлар Қизилқум, Қорақум, Муюнқум, Устюрт (Сам ва Матай қумлари) саҳроларидан тортиб, Орололди, Каспий олди чўлларидан, жўшқин Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари водийлари, каналлар, ариқ бўйларидан ёки адирлардан, инсон қадами етиши қийин бўлган ҳудудлардан XVIII асрнинг охири (1894 – 1896 йиллардан) XIX, XX ва асримизнинг то шу пайтгача йиғилган гербарий намуналари ноёб фондда сақланмоқда. Гербарийлар 4 бўлимга ажратилган.
Биринчи бўлим. Марказий Осиё гербарийси; асосан, 125 оила 1151 туркумга мансуб, 9 мингга яқин ўсимликни ўз ичига олади. Мазкур бўлимда буюк ботаник олимларимизнинг номлари билан боғлиқ бўлган турлар мавжуд. Булар орасида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларидан бир ярим асрдан ортиқ давр мобайнида, яъни 1840 йилдан бошлаб кўплаб тадқиқотчилар, жумладан, бир қатор чет эл олимлари томонидан йиғилган ёрлиқлари инглиз, немис, рус, француз ва лотин тилларида ёзилган ўсимлик намуналари бор. Ботаник олимларимизнинг номлари билан боғлиқ бўлган гербарийлар махсус шкафларда сақланади. Б.Федченко томонидан 1900 йилларда йиғилган гербарийлар шулар жумласига киради.
Иккинчи бўлим. Умумий гербарий- юз минг нусхадан зиёд бўлиб, асосан чет давлатлардан институт ходимлари йиғиб келган ва хориждан (30 давлат) алмашиб олинган гербарийлар 2293 туркумга мансуб ўн минг турни ташкил этади.
Учинчи бўлим. Типлар бўлими- янгидан кашф этилган турларнинг биринчи нусхаси (Гербарий типлари) 2000 нусха Ўрта Осиё ва Қозоғистондан йиғилган бўлиб, 320-туркумга мансуб бўлиб, 1 минг 500 га яқин турни ўз ичига олади. Типларнинг коллекцияда тутган ўрни бениҳоя катта. Фақат типлар орқали тизимлашдаги ҳар қандай чалкаш, мунозарали ва ботаника номенклатураси қоидаларига асосланувчи мураккаб масалалар ҳал этилади. Бунда, энг муҳими, ноаниқ турни аниқлаш учун типларга мурожаат қилинади.
Тўртинчи бўлим. Алмаштириладиган гербарийлар 1 минг 400 турдан иборат бўлиб, булар орасида чоп этишга мансуб турлар ҳам мавжуд.
Бугунги кунда ноёб илмий объектдаги махсус рақамланган шкафларда сақланаётган ўсимлик гербарийларининг барчаси махсус параметрлар асосида маълумотлар электрон базасига киритилган.
Айтиш жоизки, Миллий гербариймизнинг келажаги, уни замон фани, талаблари даражасига келтириш ва янада кенгайтириш борасида, институт илмий ходимлари томонидан улкан, эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Миллий гербарийда янги бўлимлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Миллий гербарийси мамлакатимиз илм-фанининг ноёб олтин хазинаси ҳисобланади. Чунки бу нодир варақлардаги гўзаллик, минг йиллардан сўзлагувчи мангуликка дахлдор табиатнинг бебаҳо оламидир.
Суҳбатдош: Озода Бекмуродова