Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
– Бу йилги конференцияда 10 та хорижий давлатдан 26 нафар эксперт иштироки кутилмоқда, – деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Маҳаллий мутахассислардан 80 дан зиёд мақола келиб тушди. Улар конференция дастури ва илмий тўпламдан ўрин олади. Тадбир доирасида республикамизда ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги кундаги ҳолати, соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниб, тажрибалар тингланади, истиқболдаги режалар белгилаб олинади.
Халқаро конференцияда китоб ва китобхонлик, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси UzNEL дастурининг ишлаш жараёни, МДҲ ва хорижий давлатлар йирик кутубхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш доирасида амалга оширилмоқда. Анжуман фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кутубхона ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш ва ҳал этишни мақсад қилган.
Қайд этилишича, конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилиши ўша ҳудуд ахборот-кутубхона соҳасининг жонланиши ва янада ривожланишига туртки беради. Ёш мутахассисларнинг анжуманда иштирок этиш мақсади эса уларни ўз устида ишлашга ундайди.
– Бу тадбир маслакдош дўстлар учрашуви, тажриба алмашиш, малака ошириш майдонидир, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори Зуҳра Бердиева. – Бунда нафақат мутахассислар, балки бошқа соҳа вакиллари, ота-оналар учун ҳам кўп фойдали маълумотлар мавжуд. Чунки китоб ўқиш ва мутолаа маданияти уйда, таълим муассасаларида шакллантирилади. Кутубхона эса мутолаа учун барча шароитларни тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференцияси 24-26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўтказилади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот хизмати