Ўзбек халқи оғир жудоликка учради. Машҳур диний уламо, атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов шу йил 15 август куни 71 ёшида вафот этди.
У.Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилди. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олди.
У муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1980-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Буюк аждодимиз Имом Бухорий абадий ором топган табаррук зиёратгоҳда олиб борилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларида юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён этди.
Усмонхон домла ўзини “Имом Бухорийнинг ходими” деб ҳисоблар ва бундай шарафли ном билан доимо фахрланар эди. У муҳаддислар султони бўлмиш буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юртимизда биринчилардан бўлиб “Имом Бухорий баракоти” асарини ёзган етук уламо эди.
2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.
У.Алимов 2006 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Ўтган давр мобайнида у республикамизда ижтимоий-маънавий, диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини асраш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ишига беқиёс ҳисса қўшди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустаҳкамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.
Усмонхон Алимов юртимиз мусулмонларининг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиш билан бирга, нафақат Марказий Осиёда, балки мусулмон дунёсида юксак обрў-эътибор қозонган улкан илм ва маърифат соҳиби сифатида эътироф этилган зот эди.
У 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.
У.Алимов исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим эди. Унга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилган эди. Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир.
Олимнинг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.
У.Алимов ҳамиша одамлар билан бирга, халқнинг дарду қувончига шерик бўлиб яшади. Аҳолининг маърифий саводхонлигини ошириш мақсадида “Сўраган эдингиз” деган махсус рукн ташкил қилиб, жамоатчиликни қизиқтирган кўплаб баҳсли масалаларга йиллар давомида жавоб ва ечим топиб берди.
У.Алимов давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.
Халқимизнинг ажойиб фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Усмонхон Алимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ш.Миноваров, С.Турдиев, С.Тошбоев