Ўзбекистон музейларида инновацион технологияларга асосланган – аудиогид

0
424
марта кўрилган.

 Қадимий моддий қадриятларимизни, аждодлар меросини асрашда, буюк тарихимиз, дунё аҳли тан олган алломаларимиз билан ёш авлодни таништириб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда музейларнинг ўрни беқиёсдир.

Юртдошларимизни ҳамда республикамизга ташриф буюрган меҳмонларни Ватанимизнинг очиқ осмон остидаги гўзал қадимий шаҳарлари, обидалари, музейда асранаётган осори-атиқалар ҳақида уларга қизиқарли тарзда керакли маълумотларни етказиб беришда музей ходимларининг билим даражаси алоҳида аҳамиятга эга.  Бугунги кунда бундай вазифага чет тилларини мукаммал биладиган кишилар, айниқса ёшлар жалб этилмоқда. Бироқ, уларнинг тарих фанидан билимлари етарли деб бўлмайди. Улар маълум бир манбадан олинган матнни ёдлаб олишади ёки ўз тасдиғини топмаган маълумотларни беришади. Бу эса музейга ташриф буюрувчиларнинг тўлиқ, ҳаққоний ва мукаммал маълумотлар олишларига тўсиқ бўлмоқда.

Бундай муаммони бартараф этиш мақсадида мамлакатимиз музейларига инновацион технологияларга асосланган смарт технологиялар яъни аудиогид мосламалари ўрнатилмоқда.

– Янги технологиялар ёрдамида музейга ташриф буюрувчилар маданий маскан  ва ундаги барча экспонатлар ҳақида керакли маълумотларни олиши мумкин. Янги технологияни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад музейга ташриф буюрувчи меҳмонларга тўлиқ, сифатли, энг муҳими, илмий томондан тасдиқланган маълумотларни етказишдир. Ушбу мосламани қўллаш, худди мобил телефонни ишлатгандек жуда осон ва қулай. Аудиогид музей меҳмонларига ҳозирча  ўзбек, рус, инглиз тилларида хизмат кўрсатади. Кейинчалик бу тиллар қаторига яна бир нечта хорижий тиллар қўшилиши белгиланган,– дейди Маданият вазирлиги ходими Мавлуда Асқархўжаева.

Айни кунда аудиогид Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги бир нечта музейларда қўлланиляпти. Кейинчалик бу мослама республикамизнинг барча музейларига ўрнатилиши кўзда тутилган.

– Бухоро давлат музей — қўриқхонаси тизимидаги “Арк” вилоят ўлкашунослик музейида  Арк қўрғони ҳақида маълумот берувчи экскурсия матнлари уч тилда овозлаштирилган бўлиб, бу тизим тўққиз бўлимдан иборат.  Ушбу технологиянинг афзаллик жиҳати уни буюртма қилган саёҳатчи Арк қалъаси тарихи ҳақидаги аниқ ва асосланган тарихий манбааларга ҳамда вилоят ўлкашунослик музейида намойишга қўйилган ноёб, нодир ашёлар тўғрисида тўлиқ маълумотларга  эга бўлади,–дея кенгроқ шарҳлайди М. Асқархўжаева.

Шунингдек, музейларда инновацион технологияларни жорий этиш давом қилади. Бу йил 30 та музейнинг “Виртуал музей” базасини яратиш ишлари якунланади. Республика театр муассасалари ҳамда Ўзбекистон музейлари ягона порталлари ишга туширилиши ҳам режалаштирилган.

Ҳа, ушбу инновацион технологиялар бари барча музейларда ҳаётга жорий этилса,  ушбу соҳа янги бир босқичга – дунёвий талабларга жавоб бера оладиган даражага кўтарилади, деб умид қиламиз.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Диёра Эргашева тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.