Ўзбекистон пахтаси сифати бўйича дунёда «кучли бешлик»да 

0
225
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланишича, пахта хом-ашёсини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш вазифаси Инспекцияга юкланган. Инспекция томонидан 2019 йил пахта ҳосилини қабул қилиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, пахтани қайта ишлаш корхоналари ҳамда пахтани хом ашёсини қабул қилиш масканларида капитал таъмирлаш ишларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мониторинг тадбирлари натижасида, 2019 йил пахта ҳосилини қабул қилиш учун  101 та пахта тозалаш корхоналари ва 417 тайёрлов масканларининг мавсумга тайёргарлиги назорат қилинди.

Шунингдек, 2019 йил сентябрь — ноябрь ойларида Инспекция томонидан республика фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта  хом-ашёсини харид қилиш юзасидан тузилган контрактация шартномалари бажарилиши назорат қилинади.

— 2019 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хом ашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмига мувофиқ 134 та туманда  пахта хом-ашёси етиштирилиши белгиланган бўлиб, шундан “Ўзпахтасаноат” АЖ, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда “Бухоро Агрокластер” МЧЖ тизимидаги пахта тозалаш корхоналарида сентябрь-декабрь ойларида қайта ишланиши режалаштирилган, — деди Инспекция Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Шоирагул Мамадалиева. — Тегишли ҳужжатларга мувофиқ, пахта толаси мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар турига киритилган. Ҳудудлардаги 13 та ҳудудий синов лабораториялари, 101 та пахта тозалаш корхоналари қошидаги синов лабораториялари томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта толаси, пахта момиғи ва пахта техник чигитининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш, уларга ҳужжатлар расмийлаштириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган пахта тойлари вазнини ўлчаш ишлари амалга оширилмоқда. Пахта тозалаш корхонаридаги барча синов лабораториялар аккредитациядан ўтказилган.

Инспекция ҳузуридаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази пахта маҳсулотларини сертификатлаш идораси бўлим бошлиғи Зохид Тошматов “Kun.uz” мухбирининг саволига жавоб берар экан, Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёдаги кучли ўнлик, пахта толасининг сифати бўйича эса кучли бешлик мамлакатлари қаторида эканини таъкидлади.

— Ўзбекистон пахтасининг асосий харидорлари — маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади, деди — Тошматов. — Пахта хомашёсининг тўқсон фоизини маҳаллий корхоналар харид қилади. Хорижда эса энг катта харидоримиз — Хитой Халқ Республикаси. Ўзбек пахтасини харид қилаётган мамлакатлар унинг сифати учун қўшимча ҳақ тўлайдилар.

Мутахассислар, шунингдек, қўлда ва машинада терилган пахта сифати ўртасидаги фарқ ҳақидаги журналист саволига ҳам жавоб қайтардилар. Таъкидланишича, қўлда ёки машинада терилган пахта сифатида ҳеч қандай фарқ йўқ — ҳамма гап уларни қайта ишлаш ва тозалаш жараёнига боғлиқ. Пахтанинг қай усулда териб олиниши унинг сифатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.