Бугун – 26 июль куни Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” номли халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкентда ўз ишини бошлаган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференциянинг иштирокчиларига ўз мурожаатини йўллади.
Асосий тезислар:
– Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.
– Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда.
– Давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда.
– Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз.
– Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак, бу жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланди.