Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари Эрон заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Дўстона суҳбатда томонлар икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида режалаштирилган чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Кўп асрлар давомида халқларимизни маданий-тарихий муштараклик боғлаб тургани алоҳида қайд этилди.
Ўзаро мулоқотлар фаоллашиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, истиқболли қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Савдо, инновациялар ва юқори технологиялар, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт ва коммуникациялар, туризм ва маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий ишлар қилинаётгани таъкидланди.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Учрашув самимий ва ишончли муҳитда, конструктив мулоқот руҳида ўтди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эронга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди.
Ташриф давомида Ўзбекистон раҳбари Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ҳамда мамлакатнинг Олий диний раҳбари Саид Али Хоманеий билан учрашув ўтказди.
Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.
“Меҳробод” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Эрон саноат, кончилик ва савдо вазири Аббос Алиободий ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.