Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳрида Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Сенат Франция парламентининг юқори палатаси бўлиб, унинг аъзолари умумий билвосита овоз бериш йўли билан сайланади ҳамда мамлакат ҳудудларига вакиллик қилади.
Сенаторлар қонун лойиҳаларини қўмиталарда ишлаб чиқиш, ялпи мажлисларда муҳокама қилиш ва маъқуллаш орқали қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этади.
Давлатимиз раҳбари Сенат Раисини самимий қутлар экан, уни Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги билан табриклади. Ушбу сана муносабати билан юртимизда ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди. Жерар Ларше бу китобни катта мамнуният билан қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик улардаги дўстлик гуруҳлари иши туфайли анча фаоллашганини мамнуният билан қайд этди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатасида ҳам Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Франция Сенатида “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда.
Жаҳоннинг илғор давлатларидан бири Франция билан ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли амалий алоқаларни қамраб олган.
Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун чиқарувчи органлар бозор иқтисодиёти, қонун ва инсон ҳуқуқлари устувор бўлган кучли фуқаролик жамиятига асосланган давлатни барпо этишда, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Парламентлараро алоқаларни аниқ йўналишлар бўйича, жумладан, қўшма тадбирлар ва ўзаро ташрифларни мунтазам ташкил этиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва тажриба алмашиш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Франция Сенати Раиси мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади.
Ўзбекистон яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг Францияга илк расмий ташрифи узоқ истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг, жумладан, мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Жерар Ларше Франция Ўзбекистон билан дўстлик ришталари, самарали шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уларга тизимли тус беришга тайёр эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Франция Сенатининг тарихий биносини кўздан кечирди.