Ўзбекистон Президенти Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди

0
68
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Москванинг Қизил майдонида Ғалаба паради бўлиб ўтди. Уни Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмбало, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит ва Куба Президенти Мигель Диас-Канель ҳам кузатди.

Кўплаб тарихий далил ва мисоллар Ўзбекистон халқи буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшганини яққол тасдиқлайди.

Даҳшатли уруш бошланган биринчи кунларданоқ юртдошларимиз фашизмга қарши мардона курашга отланди. Ўша пайтда республикамиз аҳолиси 6,5 миллион кишини ташкил этган бўлса, шундан 1 миллион 950 мингдан ортиғи ёвуз душман билан юзма-юз бўлиб қонли жангларда иштирок этган. Бу ботир ва довюрак ўғлонларнинг 538 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. 158 минг нафардан кўпроғи бедарак кетган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 минг нафардан зиёди жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган. Жумладан, 301 нафар юртдошимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари эса учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик офицерлар орасидан ўнлаб генераллар, моҳир қўмондонлар етишиб чиққан.

Ўзбекистон уруш йилларида фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Юртимиздан жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, палатка, парашют ва бошқа зарур маҳсулотлар юборилган. Уруш бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилиб, тезлик билан ишга туширилган. Ўзбекистон аҳолиси 1941-43 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Ўша суронли йилларда халқимиз гуманизм ва инсонийлик бобида ўзига хос тарихий мактаб яратди. Уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан кўчириб келтирилган, турли миллатга мансуб 1 миллион 500 мингга яқин инсонлар Ўзбекистондан паноҳ топди. Уларнинг орасида 250 мингдан зиёд етим болалар ҳам бор эди. Халқимиз уларга меҳр берди, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.

Халқимизнинг юксак жасорати ва бағрикенглигини тасдиқловчи ушбу тарихий далиллар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилган.

Юртимизда Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган аждодларимизнинг жасоратини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳар йили рағбатлантирилмоқда. Тошкент шаҳрида улкан Ғалаба боғи очилди, шу кунгача у ерга 2 миллион 200 минг нафардан зиёд зиёратчилар ташриф буюрди.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин ва бошқа давлатлар етакчилари билан бирга Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.

Ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида Ватан учун жонини фидо қилган турли миллатларга мансуб миллионлаб аскарлар, шу жумладан ўзбек ўғлонларининг қаҳрамонлиги ва жасорати рамзидир.

Президентлар бир дақиқалик сукут билан аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Маросим якунида фахрий қоровул ва оркестр тантанали равишда саф тортиб ўтди.

Шу билан Россияга амалий ташриф якунланди. Аэропортда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Денис Мантуров ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.