Ўзбекистон Президенти “ITMA 2023” тўқимачилик машинасозлиги кўргазмасига ташриф буюрди

0
77
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида шу кунларда Милан шаҳрида ўтаётган “ITMA 2023” тўқимачилик машинасозлиги халқаро кўргазмаси билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбарига Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана ва кўргазма ташкилотчиси – “Sematex” агентлиги раҳбари Эрнэсто Маурэр ҳамроҳлик қилди.

“ITMA 2023” – ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган тўқимачилик ва тикувчилик технологияларига бағишланган дунёдаги энг йирик кўргазма. Охирги кўргазма 2019 йилда Барселона шаҳрида ўтди. Жорий йилда 20 гектар майдонни эгаллаган кўргазмада 47 мамлакатдан 1 700 иштирокчи ҳамда турли давлатлардан 100 минг нафарга яқин меҳмон иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари йигириш ва тўқиш ускуналарини ишлаб чиқаришда дунёда етакчи бўлган “ITEMA” (Италия), “Stäubli Group” (Швейцария), “Picanol”, “Vandewiele” (Бельгия) ва бошқа компанияларнинг стендларини кўздан кечирди.

Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилди, янги технологик ечимларнинг тақдимотлари билан танишди.

Ўзбекистонда тўқимачиликни ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, тўқув ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, компанияларнинг ваколатхоналари ва дастгоҳларга хизмат кўрсатиш марказларини очиш, технологларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш, фан ва замонавий технологиялар борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бошқа ташаббуслар муҳокама қилинди.

Президентимиз робототехника ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда янги, талаб юқори бўлган “супер-материаллар” яратиш мақсадида юртимизда матога ишлов бериш учун энг замонавий ускуналар ва инновацион ечимларни жорий қилиш истиқболли эканини қайд этди.

Янги технологиялар юқори қўшилган қийматга эга харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тўқимачилик тармоғининг экспорт салоҳиятини оширишга, ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар эса янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Танишув якунида мутасадди раҳбарларга Ўзбекистонда ускуналарни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини релокация қилиш ва ўқув дастурларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш топширилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Италия Республикасига тадбирларга бой тарихий ташрифи якунига етди.

Давлатимиз раҳбари Римда Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазири Жоржа Мелони билан самарали музокаралар ўтказди. Икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Милан шаҳрида ишбилармонлик тадбирлари ўтказилди. Президентимиз Ломбардия губернатори Аттилио Фонтанани қабул қилди, Италиянинг йирик компаниялари вакиллари билан давра суҳбати ўтказди ҳамда тўқимачилик машинасозлиги кўргазмасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасидаги тадбирлар якунлангач, Миланнинг “Мальпенсе” аэропортида давлатимиз раҳбарини Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.