Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги йиғилишида иштирок этадиган делегациялар бошлиқларини қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Президентимиз меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистонда МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, жумладан, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мамлакатимизнинг Ҳамдўстликда 2020 йилги раислигининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Ташкилотга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан тезкор ахборот алмашиш ҳамда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Кибержиноятчиликка қарши курашда, интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан зўравонлик ва радикал қарашларни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланишга чек қўйиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланли.
Меҳмонлар самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ўз мамлакатлари раҳбарларининг салом ва энг эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.